Таълимга бекорга энг ишонган кадримни олиб келмадим – Шавкат Мирзиёев (видео)

Local

−

image

Президент Шавкат Мирзиёев нега Эркинжон Турдимовни Таълим ва илм-фан вазири лавозимига тайинлагани ҳақида гапирди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчиси бугун, 12 октябрь куни Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш масалалари юзасидан инвестор ва тадбиркорлар билан ўтказилаётган очиқ мулоқотда сўз очди.

“Ўзларинг кўрдингларинг, мен Таълим вазирини ўзгартирдим. Энг ишонган кадримни олиб келиб, Таълим вазири қилганимнинг сабаби сон кўпайиб кетди, сифат камайиб кетди. Мени жуда ташвишга солади. Шунинг учун мен жуда катта тажрибага эга, тўртта вилоят ҳокими бўлган одамни таълимга олиб келдим. Бунинг тагида жуда катта маъно бор. Энди бу нарсаларга Президент мутлақо бошқача қарайди. Энди тиббиётга, таълимга эътибор мутлақо ўзгаради”, дейди Президент.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 октябрь куни Эркинжон Турдимов Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – Таълим ва илм-фан вазири лавозимига тайинланган эди.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – Таълим ва илм-фан вазири республика ижро этувчи ҳокимият органлари – вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар раҳбарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларида зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш бўйича фаолиятига ваколати доирасида умумий раҳбарлик қилиши, уларни мувофиқлаштириши белгиланди. Ушбу йўналишлар ижросини назорат қилиш ва ташкил қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева зиммасига юкланди.

Турдимов 2008-2016 йилларда Навоий вилояти ҳокими, 2016-2018 йилларда Сурxондарё вилояти ҳокими сифатида фаолият кўрсатган. 2018 йилдан 2024 йилгача Самарқанд вилояти ҳокими бўлган. 2025 йилнинг январида Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди, 2025 йилнинг декабрида Сирдарё вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends