Сурхондарёда Ўзбекистон ва Россия қўшма ҳарбий машғулот бошлади (видео)
Local
−
15:34 2433 2 minutes
Россия Қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари Ўзбекистон ва Россиянинг “Ҳамкорлик-2026” қўшма тактик ўқув машғулотларида иштирок этиш учун Ўзбекистонга етиб келди. Бу ҳақда Россия Марказий ҳарбий округи матбуот хизматига таяниб, ТАСС хабар берди.
“Марказий ҳарбий округ 201-гвардия ҳарбий базасининг ҳарбий хизматчилари Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларининг “Ҳамкорлик-2026” қўшма тактик ўқув машғулотларида иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикасига етиб келди. Бўлинмалар ҳарбий ва махсус техникаларда Тожикистон ва Ўзбекистон тоғлари бўйлаб 300 км дан ортиқ масофани босиб ўтиб, Ўзбекистон Республикасининг “Термиз” полигонига етиб келди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, россиялик ҳарбий хизматчилар БТР-82А бронетранспортёрлари, “Урал” автомобиллари ва “Камаз” автомобили базасидаги махсус техникаларда баланд тоғ йўлларининг кўтарилиш ва тушиш жойларини ҳамда тоғ йўлларининг тор участкаларини босиб ўтган.
“Етиб келгач, Россия бўлинмалари техникага техник хизмат кўрсатиш ва уни ўқув машғулотларининг фаол босқичида иштирок этишга тайёрлашга киришди”, дейилади хабарда.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига кўра, бугун, 20 октябрь куни “Термиз” полигонида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Мудофаа вазирликлари бўлинмалари иштирокида “Ҳамкорлик-2026” ўқуви бошланган. Ўқув анъанага кўра ҳарбий хизматчиларнинг умумий саф тортиши билан очилган. Ҳарбий оркестрлар ижросида икки давлатнинг мадҳиялари янграган, миллий байроқлар тантанали кўтарилган. Иштирокчилар ягона сафда дала лагерининг саф майдони бўйлаб тантанали марш билан ўтган.

Ўзбекистон-Россия “Ҳамкорлик-2026” қўшма тактик ўқув машғулотлари 20 октябрдан 27 октябргача Ўзбекистондаги “Термиз” полигонида бўлиб ўтади. Икки мамлакат ҳарбий хизматчилари чегарадош ҳудудларда шартли ноқонуний қуролланган тузилманинг кичик гуруҳларини аниқлаш ва йўқ қилиш бўйича қўшма ҳаракатларни олиб боради. Машғулотларга тоғ ва штурм бўлинмалари, қидирув ва зарба берувчи дронлар ҳамда ердаги робототехника мажмуалари ҳисоблари, шунингдек, Ми-24 вертолётлари жалб этилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 22 сентябрдан 1 октябрга қадар Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркиянинг 3,5 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси “Бирлик кучи – 2026” илк қўшма ўқув машғулотларида иштирок этгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All