Сурияда Макроннинг ташрифи вақтида портлаш уюштирганлар ушланди

World

image

Сурия хавфсизлик кучлари Дамашқда Франция Президенти Эммануэль Макрон ташрифи вақтида содир бўлган портлашлар ва сўнгги кунлардаги бошқа ҳужумларга алоқадор гумонланувчиларни қўлга олди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Маълумотларга кўра, хавфсизлик кучлари Дамашқ ва унинг атрофидаги ҳудудларда махсус рейдлар ўтказиб, портлашларни содир этган гуруҳ аъзоларини қўлга олишга муваффақ бўлган.

Дамашқ вилояти қишлоқ ҳудудлари Ички хавфсизлик кучлари қўмондони Аҳмад ал-Далатининг айтишича, гумондорлар “Исломий давлат” террорчилик гуруҳи билан алоқадор бўлган. Унга кўра, тергов давомида кузатув камераларидаги тасвирлар ўрганилиб, аввал гумондорлардан бири аниқланган. Сўнгра унинг ортидан кузатув олиб борилиб, гуруҳнинг қолган аъзолари ҳам фош этилган. Расмийлар портлашлар ортида айнан “Исломий давлат” гуруҳи турганини билдирган бўлса-да, террорчи гуруҳ ҳозирча ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

Шунингдек, ўтган ҳафта Дамашқдаги асосий суд мажмуаси яқинидаги кафеда содир бўлган портлашда камида 10 киши ҳалок бўлиб, 20 нафардан ортиқ одам яраланган. Мазкур ҳодисалар мамлакатда ҳокимият алмашганидан кейин хавфсизликни таъминлашга уринаётган президент Аҳмад аш-Шара ҳукумати олдидаги асосий синовлардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 8 июль куни Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Сурияга ташрифи вақтида Дамашқда ахлат қутиси ва автомобилга жойлаштирилган портловчи қурилмалар портлаган эди. Ҳодиса вақтида Макрон президент саройида бўлгани сабаб унга зарар етмаган ва у Аҳмад аш-Шара билан режалаштирилган учрашувни давом эттирганди. Оқибатда бир киши ҳалок бўлган, 36 киши жароҳат олган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends