Мигрантликдан тадбиркорликкача. Президентга берилган ваъда бажарилдими?
Business
−
09:15 450 7 minutes
2025 йил, 20 август. Янги Тошкент… Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан анъанавий V очиқ мулоқотни ўтказди. Унда бир қатор ишбилармонлар ўз фаолияти, натижалари ва келажак режалари ҳақида давлат раҳбарига гапириб берди. Нутқ қилганлар орасида 7 йил хорижда ишлаган, ватанга қайтиб бизнес бошлаган Оллошукур Рустамов ҳам бор эди.
“Менга кимдир “Сен шунақа президент билан учрашасан, қайтасан ватанингга”, деса, мен ишонмасдим ҳеч қачон. Мен бугун бу ердаги суҳбатдан ўзимга яна мотивация олиб, Худо хоҳласа, келажакда Хива шаҳрида бир йилнинг ичида премиум даражадаги янги меҳмонхона ва янги ресторан қураман. Хива шаҳрида туристларга хизмат қиладиган кўп ишлар қиламан. Раҳмат айтаман сизга, ҳурматли президент”, деганди у.
Давлат раҳбари эса масъулларга ушбу масалани ёзиб олиш, кейинчалик дарҳол ёрдам беришни топширган эди.

Бу гаплар шунчаки давлат раҳбари олдида нутқ қилаётганда тўлқинланиб кетишининг натижаси эмас, аксинча, аниқ мақсадга йўналтирилган режаларнинг баёни эди. Ваъда берилди ва у бажарилди. Вақт ҳам кўп кетмади. Айтилганидек, орадан бир йил ўтиб, тарихий манзилда премиум даражадаги меҳмонхона ва ресторан расман очилди. Софра…
Катта тадбиркорлар, шоу-бизнес вакиллари, журналистлар ва спортчиларнинг мақтовларига сабаб бўлаётган янги манзил ҳикояси 2025 йилнинг 20 августида шу тариқа бошланган эди.
“Ёшлигимиз оғир ва мураккаб даврларга тўғри келган. 2015 йиллар атрофида Хивада иш топишнинг деярли имкони йўқ эди. Моддий қийинчиликлар сабабли оддий гамбургерхоналардан ортиб қолган нонларни уйга ташиб кун кўрган пайтларимиз бўлган. Охир-оқибат, бу каби ночор турмуш тарзига чидай олмай, юртни тарк этишга мажбур бўлдик. “Бўлди, бундай яшаб бўлмайди, ўлсак ҳам ўша ерларда ўлайлик”, деган қарорга келдик”, дейди тадбиркор ўсмирлик пайтини эслаб.
Гап 2012 йилда қабул қилинган қарор ҳақида кетяпти. Суҳбатдошимиз 2019 йилгача Россияда ошпазлик фаолияти билан шуғулланган. Ўзбекистонда тадбиркорликка нисбатан қарашлар ўзгарганидан сўнггина у ватанга қайтиш ҳақида ўйлаган.
“Ўзбекистонда давлат сиёсати ва муҳит ўзгаргач, Россиядан туриб ижтимоий тармоқлар орқали янгиликларни кузатиб бордик. Тўғриси, бошида бу гапларга умуман ишонмасдик, барчасини навбатдаги баландпарвоз ва эскича гап-сўзлар деб ўйлардик. Кейинчалик вазиятни ўз кўзим билан кўриш учун Хоразмга қайтдим. Уйдагиларга “сизлар ҳозирча шу ерда туринглар, мен бориб вазиятни ўрганаман. Агар ҳақиқатан ҳам ўзгариш бўлса, иш бошлашнинг имкони топилса, сизларни ҳам чақириб оламан”, дедим. Хуллас, юртга қайтдик ва ҳеч қандай бошланғич капиталсиз, мутлақо пулсиз ўз бизнесимизни йўлга қўйдик”, дейди тадбиркор.
.png)
У тадбиркорларга ажратилган имтиёзлардан фойдаланиб, 20 минг доллар билан бизнес бошлаганини маълум қилди.
“Тўғрисини айтсам, ҳозир эришган натижаларимизга баъзан ўзимнинг ҳам ишонгим келмайди. Қайтганимдан сўнг бозор ва бизнес имкониятларини ҳар тарафлама таҳлил қила бошладим. “Нима иш билан шуғулланса бўлади?” деган саволга жавоб излаб, ҳар куни режаларни қоғозга туширардим: чорвачилик, савдо-сотиқ, эҳтиёт қисмлари ёки қурилиш моллари дўкони очиш, ресторан ташкил этиш каби кўплаб ғоялар хаёлга келарди. Ўзимиз ошпаз бўлганимиз сабабли, барибир кўнглимизга энг яқин соҳа – умумий овқатланиш йўналиши устунлик қилаверарди. Лекин бу миқёсдаги лойиҳани амалга ошириш учун катта маблағ – камида 200–300 минг АҚШ доллари талаб этиларди, бизда эса бундай имконият йўқ эди. Шундан сўнг бозорни янада чуқурроқ ўрганишга киришдим. Ўзимча “катта ресторанга кучимиз етмаса ҳам, лоақал хот-дог ёки оддий кофе сотиб бўлса-да, кунимизни кўришимиз мумкин-ку”, дея хулоса қилдим. Мусофирчиликда, мигрант бўлиб юргандан кўра, ўз юртимизда ҳалол меҳнат қилиб, оиламиз тебранса бўлди, деган эзгу ва холис ният билан шу ишга қадам қўйдик”, дейди тадбиркор.

Шундан сўнг бозор ўрганилган, аниқ режа ишланган. Натижа эса узоқ куттирмаган.
“Вазиятни тўғри баҳолаб, тинимсиз ўз устимизда ишладик: таомлар менюсини бойтдик, сифатини оширдик ва халқимизга юқори даражада хизмат кўрсатишга ҳаракат қилдик. Ишониш қийиндир, аммо 2019 йилгача Хоразм вилоятининг маркази бўлмиш Урганч шаҳридан бирор киши махсус овқатланиш учун Хивага келмаган. Хиваликларнинг ўзи ҳам бироз пул топса ёки туғилган кун ва бошқа оилавий тадбирларни ўтказмоқчи бўлса, албатта, Урганчга борарди. Биз эса ана шу қарашни ўзгартириб, биринчилардан бўлиб вилоят аҳлининг нигоҳини Хивага қаратишга эришдик. Бу, шубҳасиз, мамлакатда яратилаётган шароит ва имкониятларнинг амалдаги натижасидир. Юртга қайтиб, астойдил ҳалол меҳнат қилдик, бизга эса ишлаш учун барча имкониятлар яратиб берилди, ортиқча ғов ва ғаразли аралашувлар бўлмади. Эркин ва муносиб муҳитда мазза қилиб фаолият юритдик. Натижада, ноль нуқтадан бошланган бизнесимиз бугунги кунга келиб минг баробарга (1000X) ўсди ва кенгайди. Худо хоҳласа, яқинда Тошкентда, Самарқандда, Бухорода, кейинчалик хорижий давлатларда филиалимизни очишни ният қиляпмиз. Буларга бемалол кучимиз ҳам етади, кадримиз ҳам етади, ҳамма нарсамиз етади”, деб натижалари ҳақида гапирди ишбилармон.

Қисқа фурсатда кўрсатилган катта натижалар сабабли тадбиркор йигит “Туризм фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланган. Шундан сўнг у умидли соҳа вакили сифатида президент билан учрашувчи бизнес эгалари қаторига қўшилган. Унинг айтишича, давлат раҳбари билан юзлашишини ҳатто билмаган.
“Тадбиркорлар билан ўтказиладиган очиқ мулоқотда Давлат раҳбари билан учрашишим ҳақида менга ҳеч қандай олдиндан огоҳлантириш берилмаган эди. 2025 йил август ойининг бошида қандайдир расмий анжуманга таклиф этишди. Тўғрисини айтсам, у қандай даражадаги тадбирлигини ҳам тасаввур қилмагандим. Мен каби оддий бир инсон учун мамлакатнинг энг йирик тадбиркорлари жамланган даврада ўтириш тушга ҳам кирмайдиган ҳодиса эди. Тошкентга етиб борганимдан сўнг, менга Президент фармонига кўра, “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони берилганини маълум қилишди. Ўша лаҳзада қувончимни ичимга сиғдира олмай, кўзларимга ёш келди. Бугунги очиқ сиёсатнинг амалдаги исботи ўлароқ, тадбирнинг ўзида барча қатнашчиларга мурожаат қилиниб: “Кимда қандай таклиф ёки айтадиган гапи бўлса, бемалол сўзга чиқиши мумкин”, дейилди. Шу пайт президентимизга шахсан миннатдорчилик билдириш истаги пайдо бўлди, холос. Аслида, менда меҳмонхона ёки янги ресторан мажмуаларини қуриш борасида бирор аниқ режа ёки ният йўқ эди. Лекин мулоқот давомида Давлатимиз раҳбари томонидан туризм соҳасига, хусусан, меҳмонхоналар тармоғини ривожлантиришга берилаётган имкониятларни кўриб, тўхтаб тура олмадим: “Нега энди менинг ҳам ўз меҳмонхонам бўлмаслиги керак? Рестораним бор-ку”, дея ўз-ўзимга савол бердим. Учрашув якунлангач, содир бўлган воқеаларга ишонгим келмасди. Ёнимга мамлакатнинг йирик тадбиркорлари, обрўли инсонлар келиб: “Баракалла, жуда самимий ва зўр чиқиш қилдингиз”, дея табриклай бошлашди. Мен эса ўша ҳаяжонли дақиқаларда мутлақо шок ҳолатида эдим. Қандай қилиб қўл кўтарганим, қандай гапирганим ҳам ёдимдан кўтарилган эди”, дейди Оллошукур Рустамов.

Айтилган гапларни амалда бажариш учун дарҳол ишлар бошланган. Жорий йилнинг 29 сентябрига келиб эса 90 ўринли, 39 хонадан иборат премиум даражадаги меҳмонхона ва бир вақтнинг ўзида 400 кишига хизмат кўрсатиши мумкин бўлган “Софра” ресторанининг иккинчи филиали фаолиятини расман бошлади. Унда яна ўнлаб ишчи ўрни яратилди. Умумий ҳисобда эса ходимлар сони 500 га яқинлашди.
“Тўғрисини айтсам, бугунги кунга келиб, эришган натижаларимизга, иккинчи филиалимизни очганимизга ва шундай юқори даражага етиб келганимизга ҳозиргача ўзим ҳам ишона олмайман. Буларнинг барига қандай эришганимизни ўйлаб, баъзан содир бўлаётган воқеалар менга худди тушдай туюлади. Бизнинг ортимизда ҳеч қандай қувватловчи шахслар ёки манфаатлар йўқ – фақатгина Давлат раҳбари ва у кишининг билдирган юксак ишончи ҳамда қўллаб-қувватлови бор, холос”, дейди тадбиркор.
Батафсил YouTube саҳифамизда.
Хоразм вилояти, Хива шахри, "Янгитурмуш" МФЙ, Н. Кубро кўчаси, 56/4 уй.
Мўлжал: Хива шаҳар, Ичан қалъа ота дарвозаси олдида.
Instagram: @sofra_restuarant @iki_sofra
Реклама ҳуқуқи асосида
Live
AllTo'qaev Putinni atoqli davlat arbobi deb atadi
29 September