Собиқ мудофаа вазири давлатга хиёнатда айбланиб, ушланди

World

image

Кеча, 11 сентябрь куни Грузияда собиқ мудофаа вазири ва мухолифатдаги “Ягона миллий ҳаракат” партияси етакчиларидан бири Георгий Барамидзе қўлга олинди. Унга “ватанга хоинлик қилиш, яъни саботаж” бўйича айблов эълон қилинади. Бу ҳақда Грузия Бош прокурори ўринбосари Амиран Гулуашвили маълум қилди.

Барамидзе суд қарори асосида ушланган, прокуратура уни қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни сўраш ниятида. Унга 4 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси таҳдид солмоқда.

Жиноий таъқибга Барамидзенинг 1992–1993 йиллардаги грузин-абхаз уруши ҳақидаги баёноти сабаб бўлган. Июль ойида сиёсатчи Яго Хвичиянинг “Грузиянинг туғилиши” кўрсатувида Барамидзе конфликтнинг дастлабки босқичида Грузия қуролли кучлари вакиллари душманларни асирга олмаганини, балки уларни жойида отиб ташлашганини айтган. Прокуратура талқинига кўра, шу орқали у грузин ҳарбийларини халқаро гуманитар ҳуқуқни бузишда ва оғир ҳарбий жиноятлар содир этишда айблаган.

Прокуратуранинг билдиришича, тергов давомида грузин ҳарбий хизматчилари ёки конфликтнинг бошқа иштирокчилари томонидан асирлар отиб ташлангани ҳолатлари ўз тасдиғини топмаган. Идора Барамидзенинг баёнотини “асоссиз ва уйдирма” деб ҳисоблайди ҳамда бу Грузиянинг давлат манфаатларига ва халқаро обрўсига, шунингдек, унинг қуролли кучлари репутациясига зарар етказганини таъкидламоқда.

Прокуратура терговни жорий йилнинг 7 август куни Ветеранлар ишлари бўйича давлат хизматининг мурожаатидан сўнг бошлаган. Ўшанда идора иш Грузия Жиноят кодексининг 307-1- ва 318-моддалари — ватанга хоинлик қилиш ҳамда мамлакатнинг давлат манфаатларига хавф солиш моддалари бўйича тергов қилинаётганини хабар қилган.

Барамидзе қўлга олиш пайтида ҳуқуқ-тартибот ходимлари унга Грузияга хоинлик қилиш айблови ҳақида хабар берганини айтган. Унинг аёли томонидан эълон қилинган видеода сиёсатчининг “Менга бундай дейишга уялмайсизларми?” дегани акс этган.

Маълумот учун, Барамидзе — Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвилининг эски сафдошларидан бири ва у томонидан тузилган “Ягона миллий ҳаракат”нинг етакчиларидан. Саакашвили даврида у ички ишлар вазири ва мудофаа вазири лавозимларини эгаллаган, бош вазир ўринбосари ҳамда Европа ва евроатлантика интеграцияси масалалари бўйича давлат вазири бўлган. 2021 йилда “The Insider” билан суҳбатда Барамидзе ҳокимиятдаги “Грузия орзуси” партиясини “путинча режим” деб атаган ва “Ягона миллий ҳаракат” ҳокимиятни фақат сиёсий усуллар билан алмаштириш ниятида эканини айтган.

2026 йилнинг февраль ойида Россия назоратидаги “ДХР Олий суди” Барамидзени Украина томонида урушда иштирок этганлик айблови билан сиртдан 6,5 йилга колонияга ҳукм қилган. Россия Бош прокуратурасининг билдиришича, 2022 йил февралида сиёсатчи “Грузия миллий легиони”га қўшилган ва апрель ойигача Россия қўшинларига қарши жангларда иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистоннинг собиқ молия вазири ва Давлат даромад қўмитасининг собиқ раҳбари Гагик Хачатрян пора олиш ҳамда жуда катта миқдорда пул ювишда гумонланиб, икки ойга қамоққа олинганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends