Сирдарёда Умрага юбориш учун 3 400 доллар талаб қилган шахс ушланди
Crime
−
21:53 163 1 minute
Сирдарё вилоятида уч нафар фуқарони тегишли рухсатномага эга бўлмаган турфирма орқали Умра зиёратига юборишни ваъда қилган шахс 3 300 доллар ва 1,2 миллион сўм олаётган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбири доирасида ДХХ ҳамда Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси тезкор ходимлари Гулистон шаҳрида тезкор тадбир ўтказган.
Унда 1979 йилда туғилган, Жиззах вилояти Мирзачўл туманида яшовчи шахс уч нафар фуқарони Саудия Арабистонида фаолият юритувчи, тегишли рухсатномага эга бўлмаган турфирма орқали Умра зиёратига юборишни ваъда қилгани аниқланган. Бунинг эвазига у 3 400 АҚШ доллари талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида гумонланувчи келишилган пулнинг 3 300 доллари ҳамда 1 миллион 200 минг сўмини олаётган вақтида холислар иштирокида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд ва Гулистон шаҳарларида фуқароларни ноқонуний равишда Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, улардан 6 995 доллар олган икки шахс ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All