Тўйда юк машиналаридан кортеж тузган ҳайдовчилар жазоланди

Crime

−

image

Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида тўй маросими вақтида юк машиналаридан иборат кортеж ташкил этиб, йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий чора кўрилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.

Аниқланишича, жорий йилнинг 12 ноябрь куни Гулистон туманида бўлиб ўтган тўй маросимида бир нечта юк автомобили ҳайдовчилари гуруҳ бўлиб ҳаракатланган. Ушбу ҳолат акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлган.

Шундан сўнг вилоят ЙҲХБ томонидан ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилган. Натижада қоидабузарлик содир этган ҳайдовчиларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 129-моддаси (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиши) биринчи қисмига асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Шунингдек, улар билан профилактик тушунтириш ишлари ўтказилган.

Ҳайдовчилардан бири ҳолат юзасидан берган изоҳида 12 ноябрь куни яқин дўстининг тўйида юк машиналаридан иборат кортеж ташкил этишганини айтган. Унинг сўзларига кўра, бу орқали ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришмоқчи бўлишган, бироқ бу ҳаракат қонунга хилоф эканини англаб етишган.

У ички ишлар органлари ходимлари томонидан чақирилиб, тушунтириш берилгани ва қонуний чора кўрилганини билдирган. Шунингдек, бошқа ҳайдовчиларни ҳам йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Қибрай туманида тўй кортежида автомобиль йўлини тўсиб, илонизи шаклида ҳаракатланган ҳайдовчилардан бири 15 суткага маъмурий қамоққа олингани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends