Силикон водийсида жосуслик: россиялик эркак ходимларни кузатганликда айбланди
World
−
20:07 220 3 minutes
АҚШда Россия фуқароси Игорь Дью Силикон водийсидаги йирик технологик ва мудофаа компанияси ходимларини жосуслик мақсадида кузатганликда айбланди. Тергов маълумотларига кўра, у ходимлар ҳақида маълумот тўплаган, уларнинг яшаш манзилларини аниқлаган ва иш жараёнида фойдаланаётган ноутбуклари экранларини суратга олишга уринган. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Қайд этилишича, АҚШ Адлия вазирлиги кеча, 18 ноябрь куни Игорь Дьюга нисбатан айблов эълон қилинганини маълум қилган. У хорижий давлат агенти сифатида тил бириктириш, бу ҳақда АҚШ бош прокурорига хабар бермаслик, таъқиб қилиш мақсадида штатлараро чегараларни кесиб ўтиш ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни қалбакилаштиришда гумонланмоқда.
Айблов ҳужжатларига кўра, Дью жорий йилнинг ёзида Telegram орқали ёлланганидан сўнг АҚШга ноқонуний кирган. Унга Калифорния штатининг Пало-Алто шаҳрида жойлашган йирик технологик ва мудофаа компанияси ходимларини кузатиш топширилган. Бунинг учун унга махсус жиҳозлар, молиявий ёрдам ва кўрсатмалар берилган.
Игорь Дью 2026 йилнинг июнь ойида Истанбулдан Мехико орқали АҚШга борган. Тергов версиясига кўра, унинг шериклари чегарадан ўтишига ёрдам берган. Шундан сўнг, унга ноутбуклар, мобил телефонлар, симсиз тармоқ ускуналари ва масофадан бошқариш дастурларини сотиб олиш топширилган.
Дью Пало-Алтодаги компания офиси яқинида жойлашган қаҳвахонага бориб, у ерда компания ходимларини аниқлаши ва улар ишлаётган пайтда ноутбук экранларини суратга олиши керак бўлган. Шунингдек, унга офис яқинига ноутбук жойлаштириш ва шерикларига масофадан туриб зарур маълумотларни олиш имкониятини яратиш вазифаси юклатилган.
Кейинчалик унинг вазифаларига компания ходимлари ва уларнинг яшаш жойларини кузатиш ҳам қўшилган. Жумладан, 3 сентябрь куни Дью компания ходималаридан бирини Lexus русумли автомобилда Пало-Алтодан Сан-Франциско томон ҳаракатланаётганида таъқиб қилган. Аёл 911 хизматига қўнғироқ қилиб, полиция бўлимига бориш бўйича кўрсатма олган. Тергов маълумотларига кўра, у полицияга мурожаат қилганидан кейингина Дью таъқибни тўхтатган.
Шундан сўнг, эркак АҚШ паспорти ва ижтимоий суғурта картасининг қалбаки нусхаларини сотиб олиб, фаолиятини давом эттирган.
Октябрь ойида Федерал тергов бюроси (FBI) ходимлари Дьюнинг ўзида ва Ист-Пало-Алтодаги уйида тинтув ўтказган. Натижада 18 минг доллар нақд пул, иккита ноутбук, иккита iPhone, иккита Россия паспорти, симсиз тармоқ ускуналари ва қалбаки ҳужжатлар мусодара қилинган.
Бундан ташқари, терговчилар компания ходимларининг яшаш манзиллари кўрсатилган 10 та манзил ёзилган дафтар ҳамда камида уч нафар ходим ҳақида батафсил маълумотлар жамланган ҳужжатларни топган. Уларда ходимларнинг шахсий маълумотлари, оила аъзолари, таълими, меҳнат фаолияти, шунингдек, кучли ва заиф томонлари қайд этилган.
Маълумотларга кўра, жосуслик нишони АҚШнинг Palantir технология компанияси бўлиши мумкин. Ушбу компания маълумотларни таҳлил қилиш учун дастурий таъминот ишлаб чиқади ҳамда мудофаа соҳаси билан ҳамкорлик қилади.
Игорь Дью 2 ноябрь куни федерал суд олдида ҳозир бўлган ва айни вақтда федерал органлар ҳибсида сақланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Британияда АҚШ армиясининг 41 ёшли юқори мартабали ҳарбий хизматчиси Россия фойдасига жосуслик қилишда гумонланиб ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All