Си Цзиньпин 7 йилдан сўнг BRICS саммити учун Ҳиндистонга борди

World

image

Хитой раиси Си Цзиньпин BRICS давлатлари раҳбарлари саммитида иштирок этиш ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан учрашиш учун Нью-Деҳлига борди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Си Цзиньпиннинг Ҳиндистонга ташрифи сўнгги 7 йил ичидаги биринчиси бўлди. Унинг сафари 2020 йилда Ҳимолай тоғларидаги баҳсли чегара ҳудудида юз берган ва икки давлат муносабатларига жиддий зарар етказган ҳарбий тўқнашувдан кейин Хитой ва Ҳиндистон алоқаларини эҳтиёткорлик билан тиклашга уринаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

2020 йилдаги тўқнашувда 20 нафар ҳиндистонлик ва 4 нафар хитойлик ҳарбий ҳалок бўлган эди. Шундан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескинлашиб, чегарада ҳарбий кучлар ва инфратузилма кучайтирилди.

Қайд этилишича, Си Цзиньпин Нью-Деҳлига етиб келгач, қизил гилам тўшалган расмий маросим билан кутиб олинган. Ҳиндистонлик аёллар анъанавий рақслар ижро этиб, Хитой раҳбарига ҳурмат кўрсатган.

Си Цзиньпин ва Нарендра Модининг учрашуви ташрифнинг асосий воқеаларидан бири бўлиши кутилмоқда. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг маълум қилишича, икки давлат раҳбарларининг 12 сентябрь оқшомидаги учрашуви сўнгги уч йил ичидаги учинчи учрашув бўлади.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Пекин Ҳиндистон билан муносабатларга стратегик ва узоқ муддатли нуқтаи назардан ёндашишга тайёрлигини билдирган. Унинг таъкидлашича, томонлар ўртасидаги келишмовчиликларни тўғри бошқариш, яхши қўшни ва дўстлар, шунингдек, бир-бирини қўллаб-қувватловчи ҳамкорлар бўлиш муҳим.

Маълумот учун, BRICS ташкилоти таркибига Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка, Миср, Эфиопия, Индонезия, Эрон ва Бирлашган Араб Амирликлари киради. Ташкилотнинг бу сафарги саммити геосиёсий кескинлик кучайган шароитда ўтказилмоқда. Хусусан, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши, Россия ва Украина ўртасидаги уруш ҳамда ушбу можароларнинг жаҳон энергетикаси, савдо ва транспорт тизимларига таъсири BRICS кун тартибидаги асосий масалалардан бўлиши кутилмоқда.

Си Цзиньпиннинг ташрифи шунингдек, дунёдаги демографик жиҳатдан икки энг йирик давлат – Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш жараёни учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Икки давлат ўртасида чегара масаласи, савдо ва стратегик рақобат бўйича келишмовчиликлар сақланиб қолаётган бўлса-да, сўнгги даврда Пекин ва Нью-Деҳли алоқаларни барқарорлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу икки мамлакат етакчиларининг охирги учрашуви жорий ийлнинг 1 сентябрь куни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 25 йиллигига бағишланган саммитда бўлиб ўтганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends