Швеция ва Литвадаги муаммолар сабаб Эстонияда асфальт тугаб қолди

World

−

image

Эстонияда битум етказиб беришдаги узилишлар сабаб асфальт танқислиги юзага келди. Бу ҳақда ERR нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Таллин вице-мэри Кристиан Ярван жорий йилнинг 27 октябрь куни шаҳар ҳокимияти матбуот анжуманида мамлакатда асфальт қолмаганини айтган.

“Аввал қайғули хабарни айтишим керак. Эстонияда асфальт тугади”, деган у.

Ярваннинг сўзларига кўра, Эстония асфальт ишлаб чиқариш учун зарур битумни асосан Швеция ва Литвадан олади. Бироқ Швециядаги корхоналардан бири етказиб беришни тўхтатган. Компания бу йилги охирги юк уч ҳафта аввал келганини, навбатдаги етказиб бериш эса фақат баҳорда амалга оширилишини билдирган.

Литвадаги компания эса битум нархини оширган, кейинчалик унинг заводида ҳам носозлик юз берган. Оқибатда Эстониядаги асфальт ишлаб чиқарувчи корхоналар хомашёга эга бўлмай қолган. Бу ҳолат Таллиндаги йўл таъмирлаш ишларига ҳам таъсир кўрсатган. Шаҳар маъмурияти кузда қўшимча бюджет ҳисобидан кўпроқ йўл таъмирлашни режалаштирган эди. Бироқ асфальт етишмаслиги сабаб айрим ишларни амалга ошириш қийинлашган.

Шунга қарамай, Лийвалая кўчасини асфальтлаш учун материал етарли. Ишлар 26 октябрь куни бошланган ва уларни якунлаш учун қўшимча икки ҳафта ажратилган.

“Бу, шунингдек, Вильянди шоссеси ва кўчасида янги асфальт ётқизиш мақсадида йўлнинг эски қопламасини олиб ташлашга таваккал қилмаслигимизни англатади. Қиш келиб, кўчалар қазилган ҳолатда қолиб кетишини ва уларни асфальтлаш учун материал топилмаслигини истамаймиз”, деган Ярван.

Айни пайтда Эстония Транспорт департаменти мамлакатга битум етказиб бериш бутунлай тўхтамаганини билдирган. Департаментнинг қурилиш бўлими раҳбари Март Арусоо Швециядан бу йил бошқа етказиб бериш кутилмаётганини, бироқ битумни Литвадан олиш мумкинлигини маълум қилган.

“Битум Эстонияга етказиб берилмоқда, бироқ нефть бозоридаги беқарорлик туфайли унинг нархи ошган кўринади”, деган Арусоо.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирча давлат буюртмаси асосида амалга оширилаётган йўл қурилиши ишларида битум таъминоти билан боғлиқ муаммолар кузатилмаган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends