Шавкат Мирзиёев Урганч халқаро аэропортидаги ишлар билан танишди

Local

image

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташриф буюриб, биринчи навбатда Урганч халқаро аэропортидаги бунёдкорлик ишлари билан танишди. Бу ҳақда мамлакат етакчисининг матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, кейинги йилларда Хоразм воҳасига келаётган меҳмонлар оқими бир неча карра ортган. Туристик салоҳиятни ишга солишга қаратилган ташаббуслар доирасида халқаро стандартларга жавоб берадиган транспорт-логистика инфратузилмаси яратилаётгани эътиборга молик.

Хусусан, Урганч халқаро аэропортида расмий делегацияларга хизмат кўрсатадиган терминал бунёд этилиб, янги аэродром мажмуаси реконструкциясининг биринчи босқичи жадал давом эттирилмоқда.

Маълум қилинишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи ана шу лойиҳалар билан танишишдан бошланган.

Аэропорт 1960 йилда ишга тушган. Унга 1992 йилда халқаро мақом берилган. Умумий майдони 285 гектардан ортиқни ташкил этадиган бу мажмуа ўтган йиллар давомида минглаб йўловчиларга хизмат кўрсатиб келди. Бугунги кунда аэропорт орқали ўнга яқин нуфузли авиакомпания томонидан мунтазам қатновлар йўлга қўйилган. 

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўзида аэропорт томонидан жами 126 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилиб, мазкур кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоизга ўсган. Урганч халқаро аэропортини кенгайтириш ва модернизация қилиш учун жами 264 миллион доллар миқдорида инвестиция маблағлари йўналтирилган. 

Билдирилишича, лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг хусусий шериги сифатида дунёнинг энг илғор, юқори технологик ва нуфузли авиация хабларидан бирини бошқарадиган Жанубий Кореянинг “Incheon International Airport Corporation” компанияси жалб этилган.

Давлат раҳбари Хива ва Урганч шаҳарлари йирик халқаро саммитлар, олий даражадаги дипломатик учрашувлар, нуфузли иқтисодий ва маданий анжуманлар ўтказиладиган глобал майдонга айланаётганини таъкидлаган. Бундай тадбирларга келаётган хорижий делегациялар учун юқори даражадаги қулайлик ва хавфсизликни таъминлаш мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборига бевосита хизмат қилиши қайд этилган.

Таъкидланишича, реконструкция доирасида аэропортда Boeing 747 ва Airbus A350 каби кенг фюзеляжли ҳаво кемаларини бемалол қабул қилиш имконияти яратилмоқда. Бу эндиликда дунёнинг турли қитъаларидан Хоразмга тўғридан-тўғри, транзитсиз узоқ масофали парвозларни амалга ошириш имконини беради.

Шунингдек, реконструкция ишларининг биринчи босқичида 18 та ҳаво кемаси тураргоҳи ҳамда янги бурилиш йўлаги қуриб битказилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, аэропортда замонавий чегара назорати ва виза бўлимлари, шинам бизнес-зал, турли савдо ва овқатланиш шохобчалари, кечаю кундуз ишлайдиган тиббиёт пункти ҳамда дунё брендларини мужассам этган “Duty free” зонаси ташкил этилмоқда.

Лойиҳа якунлангач, йўловчиларга хизмат кўрсатиш қуввати соатига 300 нафардан 1 минг 300 нафаргача ортиши қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига аввалги ташрифи 2025 йилнинг 1 май куни бўлганди. 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends