Шавкат Мирзиёев ўқувчи ва устоз-мураббийларга табрик йўллади
Local
−
18:41 722 3 minutes
Бугун, 1 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев янги ўқув йили бошланиши муносабати билан ўзбекистонлик ўқувчи ва устоз-мураббийларга табрик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
“Барчангизни Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик қутлуғ байрамига уйғун ва ҳамоҳанг ҳолда ўтаётган Билимлар куни билан чин дилдан самимий муборакбод этаман.
Ушбу қувончли айёмда беғубор нигоҳларида ҳайрат ва ҳаяжон учқунлари порлаб, катта орзу-интилишлар билан мактаб остонасига қадам қўяётган 800 минг нафарга яқин ўғил-қизларимизга, ота-оналар ва педагоглар жамоатчилигига ўзимнинг эзгу тилакларимни билдираман.
Янги ўқув йили мамлакатимизнинг бутун таълим тизимида, мактаб, лицей, техникум ва олийгоҳларимиз ҳаётида янги маърифий юксалиш йили бўлсин!” дейилади табрик мактубида.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси кейинги йилларда таълим-тарбия соҳасида амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Янги Ўзбекистон мактаблари бутунлай янгича қиёфа касб этиб, таълим сифати такомиллашиб бораётганини қайд этган.
“Ана шундай муҳитда улғайиб, камолга етаётган, ўқиш, касбий таълим, “Ай-ти”, ижодий изланишлар, спорт, жамоат ишларида дастлабки ютуқлари билан ота-оналар ва устозларни хурсанд қилаётган ўғил-қизларимиз – бизнинг нурли келажагимиз, олтин фондимиздир”, дейди Президент.
Шу билан бирга, Ўзбекистон етакчиси бундай билимли, зукко, тиришқоқ ва интилувчан, сафлари йил сайин кенгайиб бораётган фарзандлар тимсолида Учинчи Ренессанс ниҳолларини кўришини билдирган.
“Уларнинг ҳар бирини гуркираб ўсадиган азим дарахт, ёруғ истиқболимиз устунлари этиб тарбиялаш – муқаддас вазифамиздир.
Ҳеч шубҳасиз, бундай улуғ мақсадларга етишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қиладиган таълим-тарбия соҳасини ривожлантиришга биз бундан буён ҳам устувор аҳамият қаратамиз. Мактаб бағридан катта ҳаётга йўлланма оладиган фарзандларимиз пухта билим билан бирга, албатта камида битта замонавий касб-ҳунарни эгаллаб чиқиши учун барча шароитларни яратамиз. Бунинг учун ҳудудларда “Касблар шаҳарчалари”ни яратиб, замонавий тажриба ҳамда илғор мутахассисларни жалб этамиз”, дейди Президент.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ўқувчиларга мурожаат қилиб, уларга бахтли ва саодатли ҳаёт эшикларини очадиган калит ҳам, умр йўлларида пайдо бўладиган мураккаб саволларнинг ечими, синов ва машаққатларни енгиб ўтишнинг кафолати ҳам фақат билим, билим ва билим эканини қайд этган.
“Гўзал ёшликнинг ҳар бир дақиқасини қадрлаб, янги илм, ғоя ва инновацияларни, касб ва ҳунарларни, она тилимиз, бой тарихимиз ва маданиятимиз асосларини пухта эгалланг. Жаҳон тарихи ва хорижий тилларни ҳам астойдил ўрганинг. Изланиш ва ҳаракатдан ҳеч қачон тўхтаманг.
Аждодларимиздан мерос бўлган табаррук заминимизни бутун қалбингиз, юрагингиз билан севинг, халқимиз ва Ватанимизга чексиз садоқат туйғулари билан яшанг!
Шу йўлда меҳрибон устозларингиз, ота-оналарингизни энг яқин дўст ва маслаҳатчи деб билинг!
Сизларга янги ўқув йилини аъло баҳолар билан бошлаб, ҳар бир ўқув чорагини муваффақиятли якунлашни, сиҳат-саломатлик, омад ва зафар ёр бўлишини тилайман.
Билимлар байрами барчангизга муборак бўлсин, азиз фарзандларим!” дейди Ўзбекистон Президенти.
Live
All