Шавкат Мирзиёев “ШҲТ – 2040” концепциясини ишлаб чиқишни таклиф этди
Local
−
13:53 368 3 minutes
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “ШҲТ – 2040: умумий тараққиёт макони” концептуал қарашини ишлаб чиқишни таклиф этди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчиси бугун, 1 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишидаги нутқида сўз очди.
Президент ШҲТ олдида турган энг долзарб вазифаларга тўхталиб ўтган.
“Бугунги кунда нафақат юзага келаётган муаммоларни самарали ҳал этиш, балки узоқ муддатли истиқболда ташкилотни қандай ҳолда кўришни исташимизни аниқ тасаввур қилишимиз ҳам муҳимдир.
Давлатларимизнинг рақобатбардошлиги уларнинг салоҳиятларини бирлаштириш ва биргаликда ривожланиш учун янги имкониятлар яратишга тайёрлигига тўғридан тўғри боғлиқ”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси ШҲТ мамлакатларининг улкан инсоний, табиий, ишлаб чиқариш ва интеллектуал ресурслари, энг аввало, халқларимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши лозимлигиги ишонч билдирган. Шу боис, “ШҲТ – 2040: умумий тараққиёт макони” концептуал қарашини ишлаб чиқишга киришишни таклиф этган. Унинг асосий мақсади инвестициялар, технологиялар ва билимлар эркин алмашиниладиган, йирик инфратузилма ва саноат лойиҳалари амалга ошириладиган, минтақалар, бизнес ва одамлар ўртасидаги тўғридан тўғри алоқалар кенгайиб борадиган ўзаро боғлиқ ва барқарор маконни шакллантиришдан иборат бўлиши лозим.
Ўзбекистон етакчисига кўра, иқтисодий соҳа ШҲТ самарадорлигининг муҳим устувор йўналиши ва бош кўрсаткичи ҳисобланади. Сўнгги йилларда бизнес ҳамкорлигининг географияси ва йўналишлари барқарор равишда кенгайиб бормоқда. Ўзбекистонда ШҲТ мамлакатлари билан биргаликда бир ярим мингдан ортиқ қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда, ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми ортмоқда. Ушбу динамикани кўп томонлама қўшилган қиймат занжирларини барқарор ривожлантиришга йўналтириш зарур.
“Шу мақсадда махсус иқтисодий зоналар, ишлаб чиқариш жараёнлари, сотув бозорлари ва логистикани бирлаштирадиган ШҲТ Саноат кооперацияси харитасини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Натижада бизнес, инвесторлар ва давлат тузилмалари учун амалда универсал рақамли дарча пайдо бўлади.
Ҳозирнинг ўзидаёқ умумий тамойилларни келишиш босқичидан ШҲТ Тараққиёт банкини амалда ишга туширишга ўтиш зарур деб ҳисоблаймиз”, дейди Ўзбекистон етакчиси.
Шавкат Мирзиёевнинг билдиришича, ушбу институт фаолияти умумминтақавий аҳамиятга эга бўлган, ҳаётга татбиқ этиш учун тайёр инвестиция таклифларига таяниши лозим. Ҳукумат раҳбарлари кенгаши транспорт, энергетика, саноат кооперацияси ва рақамли инфратузилма соҳаларидаги устувор лойиҳалар портфелини танлашни бошлаши керак.
Бундан ташқари, Ўзбекистон етакчиси Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича бутунжаҳон ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусини олқишлаган.
“Ўйлайманки, ШҲТ ушбу янги технологик альянснинг биринчи ҳамкорлари қаторида бўлиши керак.
Сунъий интеллектни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш мақсадида ШҲТнинг очиқ кўп тилли маълумотлар корпусини шакллантириш тўғрисида қарор қабул қилишни ҳам таклиф этамиз”, дейди Ўзбекистон Президенти.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон келгуси йили Тошкентда ШҲТнинг сунъий интеллект ва янги рақамли ечимлар бўйича форумини ўтказишга тайёр эканини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу йиғилишда Ўзбекистон Президенти Хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилиш учун ШҲТнинг Афғонистон билан мунтазам мулоқотини қайта тиклаш вақти келганини айтган эди.
Live
All