Шавкат Мирзиёев Қурувчилар куни билан Ўзбекистон қурувчиларини табриклади
Local
−
08 August 614 3 minutes
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 8 августда Қурилиш соҳаси ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон қурувчиларини табриклади. Бу ҳақда мамалакат утакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Табрикномада бугунги кунда қурилиш соҳаси Янги Ўзбекистоннинг замонавий қиёфасини белгилайдиган ғоят муҳим тармоққа айланиб бораётгани қайд этилган. Бунга сабаб эса, мамлакатда барпо этилаётган, қурувчиларнинг фидокорона меҳнати, билим ва маҳорати мужассами бўлган обод шаҳарлар, қишлоқ ва маҳаллалар, янги уй-жойлар, йирик стратегик объектлар, замонавий корхоналар, ижтимоий-иқтисодий инфратузилмалар келтирилган.
Қайд этилишича, кейинги йилларда соҳани тубдан ислоҳ қилиш, уни иқтисодиётнинг драйверларидан бирига айлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, замонавий шаҳарсозлик ва рақамли бошқарув тамойилларини кенг жорий этиш бўйича амалга ошираётган улкан ишлар ижобий натижалар бермоқда.
Маълум қилинишича, сўнгги 9 йилда мамлакатда 210 миллион квадрат метрдан зиёд бино ва иншоотлар, жумладан, 647 мингта, ўтган йилнинг ўзида эса 135 мингта квартирага эга бўлган уй-жойлар барпо этилган. Жорий йилда яна 140 мингта янги квартира фойдаланишга топширилади. 2040 йилгача мамлакатда қуриладиган уй-жойлар сонини йилига 280 мингтага етказиш, “Янги Ўзбекистон” массивларини 61 тадан 120 тага кўпайтиришни режа қилган.
Президентнинг таъкидлашича, бу йил Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва Бурҳониддин Марғиноний туризм маркази каби ноёб маданий-маърифий иншоотларда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини якунига етказишда фидокор қурувчиларнинг ҳиссаси беқиёс бўлди.
Пойтахтимиздаги Янги Тошкент, Тошкент вилоятидаги Нурафшон, Андижон вилоятидаги Бобур, Самарқанддаги Ширин, Хоразмдаги Ал Хоразмий шаҳарлари каби мегалойиҳалар мутлақо янги муҳандислик ечимлари, “яшил” қурилиш тамойиллари билан Ўзбекистоннинг бунёдкорлик тарихида ёрқин саҳифа очмоқда.
Шунингдек, Ҳозирги кунда 3 миллион 500 мингдан зиёд киши меҳнат қилаётган қурилиш, қурилиш материаллари саноати ва уларга ёндош соҳаларда ғоят муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Кейинги пайтда қурилишга рухсат бериш босқичлари 3 баробар, муддатлари эса 4 карра қисқартирилган. “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими асосида 24 та замонавий электрон платформа ишга туширилиб, асосий бошқарув жараёнлари рақамлаштирилган. Барча назорат жараёнлари рақамли форматга ўтказилган.
Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, давлат харидлари тизимида электрон тендер платформаси йўлга қўйилгани ҳам шаффофликни таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Тармоқда сунъий интеллект технологиялари фаол жорий этилмоқда. Буларнинг барчаси соҳада инсон омилини қисқартириш, коррупция билан боғлиқ хавф-хатарларни бартараф этиш ва қабул қилинаётган қарорлар самарадорлигини оширишга хизмат қилаётгани билан эътиборлидир.
Қайд этилишича, бугунги кунда барча соҳалар қатори қурилиш борасидаги фаолиятни ривожлантириш, қурилиш ишлари сифатини ошириш бўйича ҳам амалга ошириладиган улкан вазифалар турибди. Уларни амалга оширишда ўз ҳаётини эл-юртнинг обод ва фаровон қилишдек эзгу ишга бағишлаб келаётган соҳа ходимларининг билим ва тажрибаси, касб маҳоратини ошириш, уларнинг меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантириш бундан буён ҳам диққат-эътибор марказида бўлади.
“Сизлар ўз бурчингизни чуқур англаган ҳолда, халқимиз учун хавфсиз, қулай ва фаровон ҳаёт муҳитини яратишга қаратилган шарафли фаолиятингизни ҳамиша юксак сифат ва масъулият билан адо этасизлар, деб ишонаман. Барчангизни бугунги касб байрамингиз билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, сизларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, ишларингизда янги ютуқ ва омадлар тилайман”, деган давлат раҳбари ўз табрикномасида.
Live
AllSariosiyoda terroristik guruh ushlandi
08 August