Шавкат Мирзиёев Александр Вучич билан музокара ўтказди
Local
−
17:07 586 3 minutes
Бугун, 8 сентябрь куни Белграддаги Сербия саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Республикаси Президенти Александр Вучичнинг юзма-юз ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.

Учрашув аввалида Ўзбекистон раҳбари Сербия етакчисига самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Президентининг Белградга илк ташрифи мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда янги босқичнинг бошланиши сифатида тарихга киришини таъкидлаган.
Сиёсий мулоқот, парламентлараро алоқалар, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳамда ишбилармонлик ва гуманитар алмашинувлар фаоллашгани катта мамнуният билан қайд этилган. Келажакда дипломатик ваколатхоналар очилиши ва парламентлараро форум ташкил этилиши муносабатларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилиши таъкидланган.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворига айланмоқда. Йил бошидан буён юқори даражадаги делегациялар иштирокида қатор иқтисодий тадбирлар муваффақиятли ташкил этилган.

Кеча, 7 сентябрь куни Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтган. Бугун, 8 сентябрь куни икки мамлакатнинг етакчи компаниялари вакиллари иштирокида Ўзбекистон – Сербия бизнес форуми ўтказилади.
Ўзаро савдо ҳажмини биринчи навбатда талаб юқори бўлган товарлар етказиб беришни кенгайтириш ҳисобига ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада Эркин савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, стандартлаштириш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро кўргазмалар ташкил этиш муҳимлиги таъкидланган.
Бундан ташқари, келгуси йили Ўзбекистон Белград шаҳрида бўлиб ўтадиган “EXPО-2027” халқаро кўргазмасида ўзининг миллий павильони билан фаол иштирок этиши қайд этилган.
Транспорт ва логистика, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббиёт ва рақамли иқтисодиёт каби устувор йўналишларда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган. Автомобиль қисмлари, ускуналар, электр техника ва электроника ишлаб чиқариш борасида саноат кооперациясини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланган.
Барча келишувларни сифатли амалга ошириш мақсадида 2026-2028 йилларга мўлжалланган саноатда шерикликни ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинган.
Ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлиги хусусида сўз борган. Етакчилар Самарқанд вилояти ва Воеводина ҳамда Самарқанд ва Нови-Сад шаҳарлари ўртасида тўғрида тўғри алоқалар ўрнатилганини олқишлаган.
Гуманитар соҳада таълим, маданият, спорт ва туризм йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ташаббуслар илгари сурилган. Маданият кунлари, кино, театр ва мусиқа фестивалларини биргаликда ўтказиш ҳамда спорт федерациялари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришга келишиб олинган.
Тартибли меҳнат миграцияси масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Сербия томони ушбу соҳада тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиши юқори экани қайд этилган. Президентлар ташриф доирасида Меҳнат мобиллиги ва миграцияси тўғрисидаги битим қабул қилинганини олқишлаган.
Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, жумладан, кўп томонлама тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилган.
Эришилган келишувлар, қабул қилинган қарор ва битимларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида кенг қамровли “йўл харитаси” қабул қилинади.
Live
All