Шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкин эмас – Конституциявий суд
Local
−
15:24 806 2 minutes
Конституциявий суд Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдан ўрин олган шахсни 48 соатдан ортиқ маъмурий тартибда ушлаб туриш имконини берувчи нормани Конституцияга зид деб топди ҳамда мазкур тегишли моддага ўзгартириш киритиб, 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш фақатгина cуднинг қарори орқали амалга оширилиши кераклигини билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Конституциявий судининг ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Конституциявий суд мажлисида шахсни маъмурий тартибда 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш имконини берувчи норма Конституцияга мувофиқлиги кўриб чиқилган. Кеча, 22 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисда Олий Мажлис, Ҳукумат, Олий суд, Бош прокуратура, Омбудсман, ИИВ, Адлия вазирлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этган.
Масала Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) мурожаати асосида кўриб чиқилган. Унда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 288-моддаси (Маъмурий йўл билан ушлаб туриш муддатлари) иккинчи қисмида назарда тутилган шахсни 48 соатдан ортиқ маъмурий тартибда ушлаб туриш имконини берувчи н Конституциянинг 27-моддасига мувофиқлиги юзасидан масала қўйилган.
Амалдаги нормага кўра, чегара тартибини ёки давлат чегараси орқали ўтиш пунктларидаги тартибни бузган шахслар айрим ҳолатларда уч суткагача, шахсни тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган тақдирда эса прокурор санкцияси билан ўн суткагача ушлаб турилиши мумкин эди.
Конституциянинг 27-моддасида эса шахс суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Билдирилишича, Конституциявий суд мазкур нормаларда 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш зарурати туғилганда суд қарорини олиш механизми назарда тутилмаганига эътибор қаратган. Шу асосда Конституциявий суд мазкур нормани Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддаси учинчи қисмига мувофиқ эмас деб топган.
Қарорда яна бир муҳим жиҳат қайд этилган: шахсни 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш масаласида прокурорни хабардор қилиш ёки прокурор санкцияси суд қарорининг ўрнини боса олмайди.
Мазкур қарор шахснинг эркинлиги ва шахсий дахлсизлигини таъминлаш, суд назоратини кучайтириш ва маъмурий ушлаб туриш тартибини Конституция талабларига мувофиқлаштириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
Live
All