“Сбербанк”нинг дата-маркази ҳужумга учради
World
−
13:19 1175 3 minutes
Бугун, 14 октябрь куни “Сбербанк”нинг маълумотлар марказига ҳужум қилинди. Бу ҳақда банк бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Александр Ведяхиннинг РБКга маълум қилди.
“Ҳужум содир бўлганини тасдиқлаймиз. Банкнинг барча тизимлари штат режимида ишламоқда. Ходимлардан ҳеч ким жароҳат олмади”, дейди Ведяхин.
У Украина Қуролли кучлари дронларининг Саратов вилоятидаги объектларга ҳужуми пайтида банк инфраструктураси зарар кўрган-кўрмагани ҳақидаги саволга шундай жавоб берган.
Аввалроқ, Саратов вилояти губернатори Роман Бусаргин 14 октябрга ўтар кечаси Балаково шаҳрида дронлар ҳужуми оқибатида бир нечта турар жой бинолари шикастлангани ва бир киши ҳалок бўлганини маълум қилган.
“Балаководаги барча инфратузилма объектлари штат режимида ишламоқда”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 октябрь куни “Яндекс” Владимирдаги маълумотлар маркази шикастлангани ва объект фаолияти тўлиқ тўхтатилганини маълум қилган эди. Жабрланганлар бўлмаган. 9 октябрь куни Калугадаги маълумотлар маркази ҳужумга учраган: бир нечта модуллар тўлиқ ишдан чиққан. Бир кун олдин эса дрон ҳужумидан сўнг Рязань вилоятининг Сасово шаҳридаги маълумотлар марказида ёнғин чиққан ва унинг ҳам иши тўхтатилган.
9 октябрь куни ходимлар ва фойдаланувчиларга йўллаган мурожаатида “Яндекс” маълумотлар марказларини ўз “темир юраги” деб атаган, чунки кундалик хизматлар ва юз минглаб компанияларнинг бизнеси уларнинг ишлашига боғлиқ. Компаниянинг маълум қилишича, жамоалар хизматлар фаолиятини тиклаш ва жабрланган мижозларга ёрдам бериш учун кечаю кундуз ишламоқда.
“Биз инфратузилма аҳволини баҳолашни давом эттирмоқдамиз – ҳозирча маълумотлар марказларидаги ускуналар фаолиятини тиклаш муддатларини айтиш жуда қийин. Маълумотлар пайдо бўлишига қараб вазият ҳақида ахборот бериб борамиз”, дейилади компания хабарида.
Жорий йилнинг 12 октябрь куни Россия Рақамли ривожланиш вазирлиги раҳбари Максут Шадаев “Яндекс”га қилинган ҳужумни миқёси жиҳатидан тенги йўқ деб атаган ва вазирлик Мудофаа вазирлиги билан биргаликда маълумотлар марказларини ҳимоя қилиш масаласини ҳал қилаётганини маълум қилган. Унинг баҳолашича, бундай кенг кўламли ҳужум шароитида хизматларнинг ишлашда давом этиши компания томонидан кўрилган захиралаш чораларидан далолат беради.
Кеча, 13 октябрь куни эса Президент матбуот котиби Дмитрий Песков вазият ҳукуматда муҳокама қилинаётганини айтган.
“Молиявий йўқотишлар ҳақида гапириш ҳали эрта. Сиз компаниянинг кучли ва қудратли эканини биласиз. Ҳа, у ҳозир қийинчиликларга дуч келмоқда. Албатта, бу мавзу ҳозир ҳукуматда муҳокама қилинмоқда, аммо компания оқибатларни бартараф этиш учун шошилинч чоралар кўрмоқда”, дейди у.
Live
All