Савдо уруши: Канаданинг АҚШга қарши жавоб тарифлари кучга кирди
World
−
10:37 895 2 minutes
Канада АҚШ билан савдо музокаралари тўхтаб қолгач, АҚШ товарларига жавоб тариқасида жорий этган тарифларини бугун, 8 сентябрь куни ярим тунда кейин кучга киритди. Бу ҳақда “Reuters“ хабар берди.
Канаданинг жавоб тарифлари АҚШдан импорт қилинадиган 20 миллиард долларлик маҳсулотларга тааллуқли бўлиб, бож ставкалари маҳсулот турига қараб 15 фоиздан 50 фоизгача этиб белгиланган. Тарифлар пўлат, мебель, кийим-кечак, электроника ва бошқа маҳсулотларга нисбатан қўлланади.
Бу чоралар АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан ўтган ой Канада маҳсулотларига киритилган, қиймати 20 миллиард долларни ташкил этувчи тарифларга жавобан жорий қилинган. АҚШ тарифлари Канада экспортининг қарийб 5 фоизини қамраб олган.
Канада Бош вазири Марк Карни ҳукуматининг АҚШ билан икки томон учун ҳам манфаатли савдо келишувини тузишга тайёрлигини билдирган. Бироқ ҳукумат манбасига кўра, ҳозирда икки давлат вазирлари ёки ҳукумат вакиллари ўртасида музокаралар олиб борилмаяпти.
Нашрга кўра, Канада экспортининг бу йил қарийб 68 фоизи АҚШга йўналтирилган. Унинг қарийб 80 фоизи АҚШ, Канада ва Мексика ўртасидаги “United States – Mexico – Canada Agreement” (USMCA) савдо келишуви доирасида божхона тўловларидан озод қилинган. Бироқ янги АҚШ тарифлари ушбу келишувдаги имтиёзлардан фойдаланишга имкон бермайди.
Канадалик мутахассислар икки давлат ўртасидаги тарифларнинг кучайиши савдо урушининг янада авж олишига олиб кетишидан хавотир билдирмоқда. Канада АҚШ иқтисодиётидан қарийб 13 баробар кичик бўлгани сабабли, бу вазият инвестициялар ва иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ савдо музокаралари муваффақиятсиз якунланганидан сўнг Канаданинг айрим товарларига 50 фоизлик бож жорий қилди. Бунга жавобан, Канада АҚШнинг янги божларига жавобан 700 га яқин турдаги Америка маҳсулотларига қўшимча бож жорий қилган эди.
Live
All