Савдо уруши: АҚШ Канададан алкоголь ва мотоцикл импортини тақиқлади

World

image

АҚШ жорий йилнинг 29 сентябридан Канададан кенг турдаги алкоголь маҳсулотлари, мотоцикллар ва айрим сут маҳсулотларини импорт қилишни тақиқлайди. Бу ҳақда Оқ уй хабар берди.

Оқ уй сайтида эълон қилинган янги чоралар АҚШ ва Канада ўртасидаги савдо низосининг янада кескинлашганини кўрсатмоқда. Тақиқлар Канада томонидан АҚШ товарларига жорий этилган жавоб тарифлари кучга кирганидан бир неча соат ўтиб эълон қилинди.

Канада ҳукумати АҚШнинг ўтган ойда қарийб 20 миллиард долларлик Канада товарларига 50 фоизлик тариф жорий қилганидан сўнг қарши чоралар кўрган. Оттаванинг янги тарифлари пўлат, мебель, кийим-кечак ва электроника каби маҳсулотларга нисбатан 15 фоиздан 50 фоизгача бўлган божларни қамраб олади.

АҚШнинг янги тақиқлари эса пиво ва турли хил шароблардан ташқари виски, бурбон, ром, арақ, вермут, текила, мескаль ва бренди каби алкоголь маҳсулотларининг аксариятига тааллуқли бўлиши мумкин. Сут маҳсулотлари бўйича эса зардоб протеини, инверт ва шакарқамиш мелассаси ҳамда алкоголсиз пиво импорт қилиниши тақиқланади.

Шунингдек, айрим пишлоқ маҳсулотлари импорт тақиқига эмас, балки 50 фоизлик тариф қўлланадиган маҳсулотлар рўйхатига киритилди. Қоғоз, алюминий, ёғоч, мебель ва ёритиш маҳсулотларининг айрим турларига ҳам қўшимча тарифлар белгиланди.

АҚШ расмийларидан бири Президент Дональд Трампнинг Канададан импорт қилинадиган автомобиль маҳсулотларига тарифни 25 фоиздан 50 фоизга ошириш таҳдиди ҳамон кучда эканини айтган. Бу чора 2027 йил 1 январдан амалга кириши мумкин.

Канада Бош вазири Марк Карни савдо низоси шароитида мамлакат АҚШга иқтисодий қарамликни камайтиришга ҳаракат қилишини билдирган.

“Бизда йўналишимизни ўзгартириш ва тараққий этиш учун керак бўлган барча нарса бор. Бу ўзгаришнинг қиймати бўлади, аммо ҳаракат қилмаслик нархидан анча паст”, деган Карни.

Канада Савдо вазири Доминик Леблан АҚШ савдо вакили Жеймисон Грир билан алоқада эканини билдириб, Вашингтоннинг янги чораларини танқид қилган. Унинг таъкидлашича, ҳукуматнинг асосий мақсади Канада ишчилари, фермерлари, оилалари ва компанияларини АҚШнинг “асоссиз ҳаракатлари”дан ҳимоя қилишдир.

Икки давлат ўртасидаги низо Шимолий Америкадаги эркин савдони таъминлаб келган АҚШ – Мексика – Канада келишувининг келажаги борасида ҳам хавотирларни кучайтирмоқда. Мутахассислар тарифлар янада оширилиши икки мамлакат иқтисодиёти учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Канададан АҚШга экспортнинг қарийб 68 фоизи жорий йилда АҚШ бозорига йўналтирилган. Уларнинг тахминан 80 фоизи USMCA келишуви доирасида божсиз амалга оширилган.

Трамп сўнгги кунларда Канадага нисбатан танқидларини кучайтирди. У, хусусан, Канададаги Bombardier самолёт ишлаб чиқарувчиси АҚШда самолёт сотишни давом эттириши учун ишлаб чиқаришни мамлакат ҳудудига кўчириши кераклигини айтди.

Шунингдек, Трамп Канада ва Мексикани АҚШ байроғи билан қопланган Шимолий Америка харитасини тарқатган ҳамда Карнини яна “губернатор” деб атаган. Бу унинг Канада АҚШнинг 51-штатига айланиши кераклиги ҳақидаги аввалги баёнотларига ишора бўлди.

Маълумот ўрнида, “Reuters/Ipsos” сўровига кўра, америкаликларнинг атиги 20 фоизи Трамп маъмуриятининг Канада товарларига тарифларини қўллаб-қувватлаган.

Эслатиб ўтамиз, Канада АҚШ билан савдо музокаралари тўхтаб қолгач, АҚШ товарларига жавоб тариқасида жорий этган тарифларини 8 сентябрь куни ярим тундан кейин кучга киритганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends