Самарқандда техникум ўқувчилари ЙПХ ходимини ҳақорат қилди (видео)
Local
−
15:40 1794 1 minute
Самарқанд вилояти Иштихон туманида ижарага олинган Malibu-2 автомобилида ҳаракатланган техникум ўқувчилари йўл-патруль хихмати ходимининг тўхташ талабига бўйсунмай, уни ҳақорат қилди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ўқувчилар ижарага олинган Malibu-2 автомобилида Иштихон тумани кўчаларида ҳаракатланиб, ЙПХ ходимининг тўхташ талабига бўйсунмаган. Шунингдек, улар ходимни ҳақорат қилиб, уни обрўсизлантирувчи видеотасвирларни ижтимоий тармоқларга жойлаштирган.
ЙҲХБ эълон қилган видеода ўқувчилардан бири автомобилни 1,2 миллион сўмга ижарага олганини ва ЙПХ ходимининг тўхташ талабига бўйсунмаганини айтган. Яна бир ўқувчи эса ЙПХ ходимларининг талабига бўйсунмай, қочиб кетганини ва уларни ҳақорат қилганини билдирган.
Ўрганишлар давомида қоидабузарликни содир этган шахслар Каттақўрғон туманидаги 2-сонли техникум ўқувчилари экани аниқланган. Шундан сўнг, ҳолат ўқувчилар таҳсил олаётган таълим муассасасида танқидий муҳокама қилинган.
Ҳолат юзасидан Иштихон тумани ички ишлар бўлими томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Тўпланган материаллар қонуний қарор қабул қилиш учун прокуратура органларига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида йўл-патруль хизмати ходими билан суҳбатини видеога олиб, Instagram’га жойлаган фуқарога 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани ҳақида хабар берилган эди.
Маржона Маманиёзова
Live
All