Самарқандда 5 кун давомида айрим йўлларда ҳаракат чекланади
Local
−
10:57 1511 2 minutes
Самарқанд шаҳрида халқаро тадбирлар ўтказилиши муносабати билан 18–22 октябрь кунлари шаҳарга кириш йўллари ва айрим кўчаларда транспорт воситалари ҳаракати вақти-вақти билан чекланади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 19–20 октябрь кунлари Самарқандда Марказий Осиё ташқи ишлар вазирларининг C5+1 форматидаги учрашуви, 21–22 октябрь кунлари эса болалар фаровонлиги ва келажагига бағишланган глобал саммит бўлиб ўтади. Тадбирлар доирасида дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан меҳмонлар келиши кутилмоқда.
Хавфсизликни таъминлаш мақсадида шаҳарга кириш йўллари ҳамда қуйидаги кўчаларда транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланади:
- Ибн Сино;
- Бўстонсарой;
- Университет хиёбони;
- Регистон;
- Афросиёб;
- Намозгоҳ;
- Садриддин Айний;
- Шоҳбот;
- Уста Умар Жўрақулов;
- Шоҳизинда;
- Мирзо Улуғбек;
- Беруний;
- Доғбит;
- Рудакий;
- Гулобод;
- Ойдин йўли.
Маълум қилинишича, ҳаракат чекловлари вақтида айланма ва муқобил йўналишлар ташкил этилади. Фавқулодда хизматлар транспорт воситалари учун чекловлар татбиқ этилмайди. Вилоят ҳудуди орқали транзит ҳаракатланадиган транспорт воситалари ҳам муқобил йўналишларга йўналтирилади.
Фуқаролардан вақтинчалик ноқулайликларни тушуниш билан қабул қилиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаётган масъул ходимларнинг кўрсатмаларига риоя этиш сўралди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Самарқанд (Ўзбекистон), Мумбай (Ҳиндистон) ва Жамнагар (Ҳиндистон) шаҳарларига ташриф буюриши кутилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
АҚШ Давлат котиби эртага, 19 октябрь куни Самарқандда C5 гуруҳига кирувчи барча мамлакатлар – Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғиз Республикасининг юқори лавозимли расмийлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади. Ушбу ташриф давомида Рубио 200 дан ортиқ бизнес етакчиларидан иборат АҚШ тижорат делегациясига бошчилик қилади.
Live
All