Саида Мирзиёева Замонавий санъат марказининг очилишида қатнашди

Local

image

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкент шаҳридаги Замонавий санъат марказининг очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

“Тошкентда Замонавий санъат марказининг (“CCА Tashkent”) очилиш маросими бўлди. Ушбу даргоҳда кўргазма заллари, кутубхона, консепт-стор, таълим майдонлари ҳамда учрашув ва тадқиқотлар учун мўлжалланган жамоат ҳудудлари ўрин олган. Қамровининг бу қадар кенглиги уни бутун Марказий Осиё минтақасида шу турдаги биринчи рақамли мажмуа даражасига олиб чиқмоқда”, деб ёзди Саида Мирзиёева.

Унинг билдиришича, янги маданий кластер 1912 йилда қад ростлаган собиқ дизель электр станциясининг тарихий биносида жойлашган. Иншоотнинг меъморий трансформацияси дунёга машҳур “Studio KO” бюроси томонидан амалга оширилган. Эндиликда у ерда кўргазмалар, илмий изланиш жараёнлари, маърузалар, очиқ мулоқотлар, фильм намойишлари, концерт ва перформанслар мунтазам ўтказиб борилади.

“Мамлакатимизда яна бир шундай нуфузли, замонавий майдоннинг вужудга келгани алоҳида аҳамиятга эга. “CCА Tashkent” ижодкорлар, кураторлар ва халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиб, ўзбекистонлик истеъдод эгаларининг янги аудиторияга чиқиши ҳамда хорижий саҳналарда муносиб эътироф топишига замин яратади.

Мазкур лойиҳа Президентимизнинг ташаббуслари ҳамда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг катта саъй-ҳаракатлари натижасида рўёбга чиқди”, дейди Президент Администрацияси раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги янги Замонавий санъат марказига ташриф буюриб, у ерда яратилган шароитлар билан танишганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends