Россиянинг Киевдаги ўқ-дори омборига ҳужуми оқибатида 10 киши ўлди
World
−
10 July 3276 2 minutes
Россиянинг шу ҳафта Киев вилоятига уюштирган ҳужумида ўқ-дори омбори нишонга олингани ҳамда ҳужум оқибатида 10 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский ижтимоий тармоқдаги баёнотида маълум қилди ва воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатилганини айтди.
Зеленскийнинг айтишича, 6 июль куни Киевнинг ғарбий чеккасидаги Вишневе шаҳарчасида Россия зарбаси давлат қурол-яроғ ишлаб чиқарувчиси “Укроборонпром” тасарруфидаги ўқ-дори омборига келиб тушган. Бу эса кучли иккиламчи портлашларга сабаб бўлган.
Украина расмийлари маълумотига кўра, Вишневеда содир бўлган ҳодиса оқибатида 10 киши ҳалок бўлган, юзлаб уйларга зарар етган.
“Вишневедаги портлаш юзасидан тергов ҳақида гапирадиган бўлсам, вазият мутлақо даҳшатли. Вишневеда ўқ-дори омбори бўлган. Душман айнан шу омборга зарба берди, бу кўплаб қурбонлар ва катта йўқотишларга олиб келди”, деган Зеленский WhatsApp орқали ташкил этилган матбуот мулоқотида.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилган. Унинг таъкидлашича, омборга эгалик қилувчи “Укроборонпром” масъуллари жавобгарликка тортилади ва уларнинг айримлари лавозимидан озод этилади.
Қайд этиш жоизки, Украина расмийлари одатда Россия ҳужумлари натижасида ҳарбий объектларга етказилган зарар ҳақида маълумот бермайди.
Маълумотларга кўра, мазкур воқеа жамоатчилик орасида катта норозиликка сабаб бўлган. Маҳаллий аҳоли расмийларни эҳтиётсизликда ва ҳодиса ҳақида етарли маълумот бермаганликда айблаган.
Эслатиб ўтамиз, Россия 6 июлга ўтар кечаси Украина пойтахти Киевга ракета ва дронлар билан навбатдаги йирик ҳужумни амалга оширган эди. Ҳужум оқибатида камида 24 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олгани хабар берилганди.
Live
AllTurkiyada F-16 halokatga uchradi
12 August