Россияга жосуслик қилишда гумонланган АҚШ ҳарбийси Британияда қўлга олинди
World
−
11:31 546 2 minutes
Британияда АҚШ армиясининг 41 ёшли юқори мартабали ҳарбий хизматчиси Россия фойдасига жосуслик қилишда гумонланиб ҳибсга олинди. У НАТОнинг Иттифоқчи тезкор жавоб корпуси қароргоҳи жойлашган казармада хизмат қилган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳарбий кеча, 10 ноябрь куни Англиянинг Глостер шаҳри яқинида қўлга олинган. У Британиянинг 2023 йилда қабул қилинган Миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонунининг биринчи ва учинчи моддалари асосида ҳибсга олинган. Ушбу моддалар ҳимояланган маълумотларни қўлга киритиш ёки ошкор қилиш, шунингдек, хорижий разведка хизматига ёрдам бериш билан боғлиқ.
Маълумотларга кўра, гумонланувчи Глостершир графлигидаги Инсворт ҳудудида жойлашган Имжин казармасида хизмат қилган. Мазкур казарма НАТОнинг Иттифоқчи тезкор жавоб корпуси (ARRC) қароргоҳи ҳисобланади. У альянснинг стратегик тезкор ҳарбий базаларидан бири сифатида фаолият юритади.
Тергов доирасида полиция Глостершир графлигидаги икки манзилда тинтув ўтказмоқда. Ҳозирда исми ошкор этилмаган ҳарбий Лондон полиция маҳкамасида сақланмоқда. Британия қонунчилигига кўра, Миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонун асосида гумонланувчини айблов эълон қилинмасдан 14 кунгача ҳибсда сақлаш мумкин.
АҚШ Федерал қидирув бюроси (FBI) директори Кэш Пател мазкур ҳибсга олиш ҳолатини жосуслик билан боғлиқ жиддий гумонлар сифатида баҳолаган. Унинг айтишича, бундай хатти-ҳаракатлар АҚШ ва унинг иттифоқчилари хавфсизлигига таҳдид солади. Пател FBI давлатга содиқлик қасамёдини бузган ва миллий хавфсизликка зарар етказган шахсларга нисбатан муросасиз эканини билдирган.
Британия Терроризмга қарши кураш полицияси Лондон бўлими раҳбари ўринбосари Вики Эванс ҳам ҳибсга олишни муҳим воқеа деб атаган. У гумонлар жиддий эканини ва тергов давом этаётганини таъкидлаган.
АҚШ армияси Контрразведка қўмондонлиги раҳбари, бригадир генерал Шон Станчон эса юқори мартабали ҳарбийнинг махфий маълумотларга ишониб топширилган шахс сифатида гумон остига олиниши ички таҳдидлар мавжудлигини яна бир бор кўрсатишини айтган. У шубҳали ҳолатларга гувоҳ бўлганларни контрразведка идораларига хабар беришга чақирган.
Британия полицияси мазкур иш бошқа давом этаётган терговлар билан боғлиқ эмаслигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда аккредитациядан ўтган Япониянинг “Хоккайдо Симбун” газетаси журналисти Имаи Юки Россия ҳудудида разведка фаолиятини олиб борганликда айбланиб, қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All