Россияда урушга қарши сиёсатчи 11 йилга қамалди
World
−
08:54 1521 3 minutes
Россиянинг либерал “Яблоко” партияси юқори лавозимли аъзоси Лев Шлосберг Украинадаги урушни қоралагани учун 11 йил 1 ойга ахлоқ тузатиш колониясига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Партия раиси ўринбосари Шлосберг Россия қуролли кучларини “обрўсизлантириш” ва улар ҳақида ёлғон маълумот тарқатишда айбланган. У 14 август куни Псков шаҳрида суддаги якуний нутқида айбини тан олмаган, ишни сиёсий судлов деб атаган ва 4,5 йилдан бери давом этаётган урушда зудлик билан сулҳ ўрнатишга чақирган.
Суд ҳукми Россия Олий суди 10 август куни “Яблоко” партиясининг келаси ойдаги парламент сайловларида иштирок этишини тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилганидан кейин чиқарилган. Қайд этилишича, Олий суд кеча, 17 август куни партиянинг тақиққа қарши апелляциясини ҳам рад этган. Урушни тугатишга очиқ чақириқ қилаётган ягона рўйхатдан ўтган партия бўлган “Яблоко” сайловлар арафасида ҳокимиятнинг кучли босимига дуч келган.
Шлосберг суддаги якуний нутқидан урушни кескин қоралаш учун фойдаланган.
“Бу вақт давомида саноқсиз минглаб инсонларнинг ҳаёти узилди. Эрта ёки кеч, ҳалок бўлганлар сони – исмлари билан бирга – аниқ ва тўлиқ эълон қилинади ва бутун миллат шаҳидлар рўйхатини кўриб ларзага тушади”, деган у.
“Бугун мамлакатимизда, жумладан, ҳарбий қабристонларда қабрлар туғруқхоналар, болалар боғчалари ва мактабларга қараганда анча тез кўпаймоқда”, деган Шлосберг.
Мустақил “Mediazona” нашри ва BBC Russian хизмати очиқ маълумотларга асосланиб, камида 239 354 нафар Россия ҳарбий хизматчисининг ҳалок бўлгани ҳақидаги исмларни қайд этган. Улар вафот этганлар мулклари бўйича маълумотлар асосида Россия эркаклари орасидаги ортиқча ўлим ҳолатларини ҳисоблаб, ҳақиқий қурбонлар сони 350 мингдан ортиқ бўлиши мумкинлигини баҳолаган.
Россия ҳам, Украина ҳам қурбонлар сони бўйича янгиланган расмий маълумотларни эълон қилмай келмоқда.
“Mediazona”нинг маълум қилишича, Шлосбергнинг нутқи судья томонидан бир неча бор бўлинган ва ундан ўзига қўйилган айбловларга оид фактлардан четга чиқмаслик сўралган. Шунга қарамай, сиёсатчи нутқини давом эттириш ҳуқуқига эга эканини таъкидлаган.
“Бир киши қамалади, аммо қўрқув миллионлаб инсонларнинг қалбига сингиб боради”, деган у.
Шлосберг ўтган йил июнь ойида биринчи марта ҳибсга олинган. У видеомунозарада Украинадаги урушни “қонли шахмат” ўйини деб атаганидан кейин армияни обрўсизлантиришда айбланган.
Кейинчалик прокурорлар унинг Telegram каналида уруш ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатгани ҳақида яна бир айблов қўшган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиялик блогер Илья Ремесло Украинадаги уруш ва мамлакат Президенти Владимир Путинни танқид қилгани учун қўлга олинганди.
Live
All