Россияда 11 альпинист қор остида қолиб, ҳалок бўлди
World
−
16:37 1007 2 minutes
Кеча, 6 сентябрь куни Россиянинг Қабарда-Балқария автоном республикасидаги Безенги дарасида қор кўчкиси оқибатида 11 нафар альпинист ҳалок бўлди, яна олти кишининг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг (ФВВ) ҳудудий бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, гуруҳда жами 33 киши бўлган. Улардан ўн нафари мустақил равишда пастга туша олган, яна олти киши жароҳат олиб, шифохоналарга етказилган. Қутқарув-қидирув операциясида 56 киши иштирок этмоқда. Ишларни мураккаб рельеф ва сақланиб қолаётган қор кўчкиси хавфи қийинлаштирмоқда. Об-ҳаво яхшилангач, қидирув ишларига ФВВнинг Ми-8 вертолёти ва тижорат вертолётини жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Қор 6 сентябрь куни соат 17:00 атрофида Мижирги тоғи ёнбағридан кўчган. Дастлаб ФВВ 15 нафар альпинистдан иборат гуруҳ, икки нафар ҳалок бўлган, уч нафар жабрланган ва тақдири номаълум бўлган яна ўн киши ҳақида хабар берган. Кейинчалик идора гуруҳда 33 киши бўлганига аниқлик киритган.
Тергов қўмитаси бепарволик моддаси бўйича жиноят иши қўзғатган. Ҳодиса юз берган ҳудудда ноқулай об-ҳаво ҳақида огоҳлантириш амал қилаётган бўлган. ФВВ маълумотларига кўра, қидирув ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунёнинг энг машҳур альпинистларидан бири, дунёдаги энг баланд 14 та тоғни забт этиш бўйича рекорди билан кўпчиликка танилган Нирмал Пуржа қор кўчкиси оқибатида ҳалок бўлганди.
Live
All