Россияда ҳарбийлар қабрини суратга олганлар давлатга хиёнатда айбланмоқда
World
−
11 August 2024 2 minutes
Россияда Украинадаги урушда ҳалок бўлган ҳарбийларнинг қабрларини суратга олган айрим шахсларга нисбатан давлатга хиёнат бўйича жиноят ишлари қўзғатилмоқда. Айрим ҳолатларда қабристонда суратга олганлар қўлга олинган. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Маълум қилинишича, бундай жиноят ишлари камида Ярославль ва Томск вилоятларида очилган. Свердловск вилоятида эса қабристонларда назорат кучайтирилган. Хусусан, Ярославль вилояти судига 48 ёшли эркакка нисбатан қўзғатилган иш келиб тушган. У 2024 йил октябридан бошлаб Россия ҳарбийларининг қабрларини яширинча суратга ва видеога олиб, уларни Украина махсус хизматлари вакилларига юборган.
Томск вилоятида ҳам июнь ойи охирида бир неча киши давлатга хиёнатда гумонланиб қўлга олинган. ФХХ улар Украина махсус хизматлари топшириғи асосида Россия ҳарбийлари, жумладан, ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот тўплаганини билдирган.
Айни вақтда “Медиазона” нашри ўз номи билан одамларга ҳарбийлар қабрларини суратга олиш учун пул таклиф қилингани ҳақида огоҳлантирган. Нашр бундай таклифларга алоқаси йўқлигини билдириб, одамларни қабрларни суратга олмасликка чақирган.
Нашр маълумотларига кўра, бундай схемалар ортида Украина махсус хизматлари эмас, балки Россия махсус хизматлари ёки фирибгарлар ҳам турган бўлиши мумкин.
Ҳисоб-китобларига кўра, июль ойи охирига келиб Украинада ҳалок бўлган ва шахси аниқланган россиялик ҳарбийлар сони 236 минг 66 нафардан ошган. Бу рақамга фақат номи ва ўлими очиқ манбалар орқали тасдиқланган ҳарбийлар киритилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия армияси Украинадаги бутун уруш давомида фақат ҳалок бўлганларни ҳисоблаганда қарийб 500 минг кишини йўқотгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
AllBloger Aziz Hakimov 4 yilga qamaldi
11 August
Putin hech narsadan qo'rqmasligini aytdi
11 August