Россия яна Ўзбекистоннинг ички ишига аралашяпти. Москва Ҳакимовнинг “ҳомийси”ми?

Review

Reklama
0:00

Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова яна Ўзбекистоннинг ички ишларига бурнини тиқди. У СССР ғоялари тарғиботи билан шуғулланган, Телеграмда Comrade Aziz номи билан танилган ўзбекистонлик блогер Азиз Ҳакимовнинг ёнини олди. Жорий йилнинг 11 август куни Шайхонтоҳур туман суди Ҳакимовни туҳмат, ҳақорат ва миллий адоват қўзғатиш билан боғлиқ моддаларда айбдор деб топиб, 4 йил 2 ойга озодликдан маҳрум қилган эди. Шу билан бирга, у урушни тарғиб қилиш билан боғлиқ айблов бўйича оқланган. Захарова Ҳакимов ишида жабрланувчи сифатида қатнашган блогер Никита Макаренко фаолиятига Ўзбекистонда ҳуқуқий баҳо берилишини сўради. Бироқ шу вазиятда жамоатчилик фаоллари орасида ҳақли савол туғилмоқда: нега айнан кимни текшириш кераклигини бошқа давлатнинг ташқи ишлар идораси кўрсатиши керак?

Азиз Ҳакимов ким?

Comrade Aziz тахаллуси билан танилган Азиз Ҳакимов Телеграм-канал ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларни юритиб, Россиянинг Украинага қарши урушдаги позициясини қўллаб-қувватловчи материалларни мунтазам эълон қилиб келган. Шунингдек, Азиз Ҳакимов совет иттифоқини тиклаш, Россиянинг Украинага қарши олиб бораётган кенг кўламли ҳужумларини оқлаш ва урушни тарғиб қилиш, миллатлараро низо келтириб чиқарувчи постлари билан бир неча бор жамоатчилик эътирозига учраган.

Азиз Ҳакимов Ўзбекистон Республикасининг суверенитетига қарши чиқишлар қилган, СССРни ва уни қайта тиклаш ғоясини тарғиб қилган, шунингдек, сиёсий қатағон қурбонлари ҳамда миллий-озодлик кураши хотирасини қоралаган.

Шу сабабли, Ҳакимов 2025 йилнинг сентябрида ҳибсга олинган. Расмий айбловда Ўзбекистон Жиноят кодексининг 4 та моддаси, жумладан 150-модда (“Урушни тарғиб қилиш”) ва 156-модда (“миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш”) тилга олинган.

Ҳимоя маълумотларига кўра, айбловларнинг бир қисми Comrade_Aziz телеграм каналида Иккинчи жаҳон уруши давридаги суратни “Киевга олдинга” ёзуви билан жойлаштириш билан боғлиқ. Давлат хавфсизлик хизмати экспертизаси буни “уруш қўзғатиш” деб баҳолаган.  Шунингдек, Ҳакимов бошқа блогерга қаратилган туҳмат ва ҳақоратларда ҳам айбланган. Хусусан, Ҳакимов ижтимоий тармоқларда Россия нарративларини фаол тарқатган – ҳам Телеграмда, ҳам Facebook’да, у ерда унинг “Азиз Адҳамович” саҳифасида 19 мингга яқин обуначи бор эди. Бундан ташқари, у “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдуракҳмон Ташанов, Журналистика университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ва блогер Никита Макаренко билан очиқ можароларга киришган.
Шу тариқа, Ҳакимов бир вақтнинг ўзида бир нечта можаролар марказида қолган, яъни Россия уруш риторикасини тарғиб қилиш, туҳмат ва ҳақорат айбловлари, шунингдек ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларга қарши фейк материаллар тарқатиш.

Азиз Ҳакимов 4 йил 2 ойга қамалди

Азиз Ҳакимовга нисбатан ҳукм 11 август куни Тошкент шаҳридаги Шайхонтоҳур туман жиноят ишлари бўйича судида эълон қилинганди. Суд жараёни ёпиқ тарзда ўтказилган. Суд органларининг расмий маълумотига кўра, Ҳакимов 1975 йилда туғилган, олий маълумотли, илгари судланмаган ва иш кўрилаётган вақтда вақтинча ишсиз бўлган.

Суд уни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисмида назарда тутилган туҳмат, 140-моддаси 2-қисмидаги ҳақорат ҳамда 156-моддаси 2-қисмида кўрсатилган миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишда айбдор деб топди.

Ушбу моддалар бўйича тайинланган жазолар Жиноят кодексининг 59 ва 61-моддаларида белгиланган тартибда қисман қўшилиб, якуний жазо 4 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш этиб белгиланди. Жазо муддатини 2025 йил 26 сентябрдан ҳисоблаш белгиланган.

Шу билан бирга, Ҳакимовга қўйилган барча айбловлар судда тасдиқланмади. Жиноят кодексининг 150-моддаси – урушни тарғиб қилиш бўйича суд унинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд эмас деган хулосага келиб, блогерни оқлади. Бу қарор Жиноят-процессуал кодексининг реабилитация учун асосларни назарда тутувчи 83-моддаси 2-банди асосида қабул қилинди.

Захарова Ҳакимовни ёнини олди

Ҳукм эълон қилинганидан кейин Россия Ташқи ишлар вазирлиги иш юзасидан ўз муносабатини билдирди. Мария Захарованинг айтишича, Россия томони Азиз Ҳакимовнинг фаолиятидан яхши хабардор ва уни Россия ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш тарафдори сифатида билади.
Захарова Ҳакимов икки давлат муносабатларини ривожлантириш ва умумий тарихий хотирани сақлаш тарафдори бўлиб келганини таъкидлади. Россия ТИВнинг позициясига кўра, блогер узоқ вақт давомида Россия – Ўзбекистон алоқаларини мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаган.
Бу Россия томонининг Ҳакимов иши юзасидан биринчи баёноти эмас. Мария Захарова июль ойида, ҳали ҳукм чиқарилмасидан аввал ҳам суд жараёни ҳақида гапирган эди. Ўшанда Захарова Россия блогер билан боғлиқ воқеалар ривожини кузатиб бораётгани, бироқ Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашмоқчи эмаслигини таъкидлаган эди.

“У Россия фуқароси эмас ва биз ҳеч қандай ҳолатда дўст Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашишни истамаймиз”, деди Захарова.

Шу билан бирга, у Ҳакимовни Россиянинг “кўп йиллик ва ишончли дўсти” деб таърифлаб ҳамда суд жараёнининг “адолатли ва инсонпарвар қарор қабул қилиниши” билан якунланишига умид билдирганди.

Захарова бошқа блогерни текширишга чақирди

Россия ТИВ баёнотида жиноят ишида жабрланувчи сифатида қатнашган ўзбекистонлик блогер Никита Макаренко фаолиятига ҳам ҳуқуқий баҳо беришни сўралган. Аниқроқ айтганда, Захарова Макаренкони Россияга қарши мазмундаги материалларни тарқатишда айблаган. Унинг даъво қилишича, Макаренко миллатлараро адоватни кучайтирувчи материалларни тарқатишда давом этмоқда. Россия ТИВ вакили бундай фаолият Россияга нисбатан ишончсизликни шакллантириш ва икки мамлакатнинг умумий тарихини салбий кўрсатишга қаратилганини билдирди.

“Маҳкум, бизга яхши маълумки, изчил равишда Россия – Ўзбекистон муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда умумий тарихий хотирани сақлаш тарафдори бўлиб чиққан. Шу билан бирга, А. Ҳакимовга нисбатан суд даъвосининг бош ташаббускори жазоларсиз қолган ҳолда русофобик фейкларни ишлаб чиқишда ва очиқдан-очиқ миллатлараро адоватни қўзғатиш билан шуғулланишда давом этмоқда”, деган Захарова.

Захарова Макаренконинг фаолияти Россия – Ўзбекистон стратегик шериклигига соя солишини айтган.

“Бундай “бепарво бўлмаган фуқаролар”нинг ҳақиқий мақсади Россия – Ўзбекистон стратегик шериклигига соя солиш, ахборот маконига зарарли кун тартибини киритиш ва жамиятдаги миллатлараро тотувликка путур етказишдан иборат экани кўриниб турибди”, дейди Захарова.

Россия ТИВ баёнотининг якунида Ўзбекистон томонидан Никита Макаренконинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилиши кутилаётгани билдирилди.

“Бизга дўст бўлган мамлакат расмийлари ниҳоят ушбу сохта ватанпарварнинг фаолиятига холис ҳуқуқий баҳо беришларига умид қиламиз”, деган у. 

Жамоатчилик фаоллари Захарова ҳақида нима дейди?

Жамоатчилик фаолларидан бири Расул Кушербоев Захарованинг баёнотига муносабат билдириб, Россиянинг Ўзбекистон ички ишларига аралашишини кескин танқид қилди.

“Бу ерда жиддий савол туғилади: Ўзбекистон фуқаросининг жиноий иши ва мамлакат ичидаги блогерлар фаолиятига ҳуқуқий баҳо бериш – кимнинг ваколати?

Жавоб оддий: Ўзбекистоннинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва судларининг”. деди Кушербоев.
Кушербоевнинг таъкидлашича, Ҳакимовга нисбатан ҳукм Россия ТИВ томонидан эмас, Ўзбекистон суди томонидан чиқарилган. Суд уни туҳмат, ҳақорат ва миллий адоват қўзғатиш билан боғлиқ моддалар бўйича айбдор деб топган, айни пайтда у урушни тарғиб қилиш айблови бўйича оқланган.

“Ташқи давлат расмийларининг бир ўзбек блогерини ҳимоя қилиб, бошқа ўзбек блогерини текширишга чақириши жамоатчиликда табиий саволлар уйғотади.
Нега айнан кимни текшириш кераклигини бошқа давлатнинг ташқи ишлар идораси кўрсатиши керак?” деди Кушербоев.

Расул Кушербоевнинг сўзларига кўра, агар Макаренко ёки бошқа фуқаронинг хатти-ҳаракатларида қонун бузилиш аломатлари бўлса, албатта, Ўзбекистон қонунчилиги асосида холис текширув ўтказилиши мумкин. Бироқ бундай қарор ташқи босим ёки сиёсий баёнотлар асосида эмас, фақат Ўзбекистон қонунчилиги доирасида қабул қилиниши керак.

Кушербоев Ҳакимов Россиядаги кучларининг топшириғи асосида Ўзбекистондаги фаолларни қоралаш, тухмат қилиш ва обрўсизлантириш билан шуғулланганини айтган. Унинг фикрига кўра, Аслида Ҳакимовга бунданда оғирроқ жазо берилиши керак эди. Кушербоев Ҳакимов нафақат Макаренкога, балки Ўзбекистон суверенитетини ҳимоя қилиб чиққан бошқа бир қатор фаоллар, жумладан ўзига қарши ҳам жиноят қилганини ва бу тергов суд давомида ўз исботини топганини айган. 

“Россия ТИВнинг бу ишга бурин суқиши ҳам Ҳакимов Россия махсус кучлари билан алоқада бўлганига ишончни кучайтиради. Афсуски бугун Ўзбекистон ичида туриб, Ўзбекистон суверенитетини йўқотиш йўлида хоинлик қилаётганлар тиқилиб ётибди. Ва хавфсизлик идораларимизнинг иши бошқа майда ишлар эмас айнан шундайлар билан шуғулланиш бўлиши керак!” деди Кушербоев. 

Кушербоев Захарованинг бу баёноти фақат Ҳакимов ёки Макаренко ҳақида эмас, Ўзбекистоннинг ҳуқуқий суверенитетига дахлдорлигини алоҳида урғулаган. 
 

“Ўзбекистон кимни суд қилиш, кимни текшириш ва кимга қандай ҳуқуқий баҳо беришни бошқа давлатлардан кўрсатма кутиб ҳал қилмайди. Қонун барча учун тенг бўлиши керак – сиёсий қарашидан, миллатидан ёки қайси давлатга ёқишидан қатъи назар.

Ўзбекистон – мустақил давлат. Унинг ички масалаларига “мана буни ҳимоя қилинг, уни текширинг” деган услубда аралашиш эса дўстликни мустаҳкамламайди!” деди Кушербоев.
 


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends