Россия Украинани баллистик ракеталар билан бомбалади. Польша қирувчиларини ҳавога кўтарди (видео)
World
−
30 July 8937 2 minutes
Бугун, 30 июль куни Россиянинг баллистик ракеталар билан амалга оширган ҳужумлари оқибатида Украина бўйлаб камида 7 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Украина расмийлари маълум қилди.
Маълум қилинишича, ҳужумлар мамлакат ғарбидаги Львов шаҳригача етиб борган. Вазият сабаб қўшни Польша ўз ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш мақсадида қирувчи самолётларини ҳавога кўтарган.
Ҳужумлар Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШдан қайтаётган пайтга тўғри келган. Унинг айтишича, АҚШ Президенти Дональд Трамп Украинага Patriot ракеталари учун лицензия беришга рози бўлган.
Украинанинг деярли барча ҳудудларида ҳаво ҳужуми хавфи эълон қилинган. “Reuters“га кўра, Киевда портлашлар овози эшитилган. Шаҳар мэри Виталий Кличконинг Telegram'да ёзишича, бир нечта нотурар жой объектларида ёнғин чиққан.
Фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотига кўра, пойтахтда бир киши ҳалок бўлган, яна икки киши жароҳат олган.
Зеленскийнинг туғилиб ўсган шаҳри – Кривий Риҳда Россиянинг “Искандер-М” баллистик ракетаси тўғридан тўғри турар жойга келиб тушган. Шаҳар Мудофаа кенгаши раҳбари Олександр Вилкулнинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида 5 ва 12 ёшли икки қизалоқ ҳамда яна 4 киши ҳалок бўлган, 8 киши жароҳатланган.
Вилкулнинг айтишича, ракета Россиянинг Воронеж вилоятидан учирилган ва кўп болали оила яшаётган уйга келиб тушган. Шунингдек, у вайроналар остида қидирув ишлари давом этаётгани сабабли қурбонлар сони ортиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Польша чегарасига яқин жойлашган Львов шаҳрида эса Россия ракеталари икки кўп қаватли уйга зарар етказган. Маҳаллий расмийларнинг маълумотларига кўра, камида 15 киши жароҳат олган. Қутқарувчилар вайроналар остида қолганларни қидиришда давом этмоқда.
Европа Иттифоқи ва НАТО аъзоси бўлган Польша Россиянинг ҳаво ҳужумлари фонида ўз ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш мақсадида қирувчи самолётларини ҳавога кўтарган.
Польша Қуролли кучлари X ижтимоий тармоғида эълон қилган баёнотида қирувчи самолётлар ва эрта огоҳлантириш самолёти парвозни бошлагани, ерусти ҳаво мудофааси тизимлари ҳамда радар разведка воситалари тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтирилганини маълум қилган. Қайд этилишича, буларнинг барчаси эҳтиёт чоралари мақсадида кўрилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 29 июль куни Украина дронлари Россиянинг Пермь, Рязань ва Таганрог шаҳарлари, шунингдек, Қрим яриморолидаги нефтни қайта ишлаш заводлари ва Wildberries логистика объектларига зарба берган эди.
Live
All