Россия Украинадаги дата-марказларни бомбардимон қилди

World

image

Россия Қуролли кучлари ўтган тунда Украина дата-марказларини нишонга олди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар қилди.

“Украинанинг ҳарбий-саноат мажмуаси объектлари ва учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқариш ҳамда сақлашда фойдаланиладиган логистика марказлари, шунингдек, Киев шаҳри, Киев, Хмельницкий ва Днепропетровск вилоятларидаги дата-марказлар нишонга олинди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Ҳужум вақтида нишонга олинган объектлардан бири Киевдаги “Би-мобиль” дата-маркази бўлиб, у разведка маълумотларини узатиш ва қайта ишлаш билан шуғулланган.

Шунингдек, дронлар ва улар учун эҳтиёт қисмлар сақланадиган жойлар – Киев вилоятидаги “Гостомель” логистика маркази, Хмельницкийдаги “Новая почта” логистика марказининг инновацион терминали, Днепропетровск вилоятидаги “Днепр” логистика маркази ҳам нишонга олинган.

Бундан ташқари, Одессадаги автомобиль агрегатлари заводи, Одесса вилоятининг Визирка қишлоғидаги учувчисиз учиш аппаратлари учун эҳтиёт қисмлар омбори ҳамда Черноморск портидаги ҳарбий юкларни ташиётган иккита кема, ҳарбий катер, ёқилғи-мойлаш материаллари сақланадиган резервуарлар ҳамда Украина Қуролли кучлари мулки сақланадиган омбор ҳам ҳужумга учраган. Яна бир ҳарбий юк ортилган қуруқ юк кемаси Одесса томон йўлда денгизда нишонга олинган.

Россия Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, Украина томонидан уюштирилган ҳужумларга жавобан Россия армияси Украина Қуролли кучлари НАТО мутахассислари билан биргаликда фойдаланадиган қарор қабул қилиш марказлари, корхоналар ва омборларга зарба бермоқда. Россия ҳарбийлари Киев ва Украинанинг бошқа ҳудудларидаги нишонларни йўқ қилишга қодир бўлган зарбдор дронлар ҳамда узоқ масофага учувчи юқори аниқликдаги қуроллардан фойдаланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина дронлари Россиянинг Саратов шаҳридаги Ozon компаниясининг логистика марказига ҳужум қилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends