Россия Украинадаги 8 та ҳудудни эгаллаганини маълум қилди
World
−
07 August 2098 1 minute
Россия Қуролли кучлари жорий йилнинг 1-7 август кунлари Украина ҳудудидаги 8 та аҳоли пунктини назоратига олганини маълум қилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Россия кучлари Харков вилоятидаги Анискино, Бакшеёвка, Белий Колодез, Устиновка ва Олговка, Суми вилоятидаги Рижевка ҳамда Запорожье вилоятидаги Любицкое ва Зарница аҳоли пунктлари устидан назорат ўрнатган.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, бир ҳафта давомида Украина ҳудудидаги объектларга юқори аниқликдаги қуроллар ва зарбдор дронлар ёрдамида 2 та оммавий ва 12 та гуруҳли зарба берилган.
Зарбалар ҳарбий саноат корхоналари, логистика марказлари, ёқилғи-энергетика ва транспорт инфратузилмаси объектлари, шунингдек, дронларни ишлаб чиқариш ва сақлаш жойларига қаратилгани айтилган.
Бундан ташқари, Россия Мудофаа вазирлиги бир ҳафта ичида Украина Қуролли кучлари манфаатлари йўлида ҳаракат қилган 34 та денгиз кемаси зарарланганини билдирган. Улар орасида 31 та қуруқ юк кемаси ва 3 та тортувчи кема бор.
Шунингдек, Россия Қора денгиз флоти кучлари Украинага тегишли 5 та экипажсиз катерни йўқ қилгани маълум қилинган.
Қайд этилишича, Россия Мудофаа вазирлиги баёнотидаги маълумотларни мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имкони бўлмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин мамлакат ҳарбий қўмондонлиги таркибида бир қатор йирик кадрлар алмашинувини амалга оширган эди.
Live
All