Россия почтасига дронларга қарши қуролланишга рухсат берилди
World
−
05 September 981 2 minutes
Россия ҳукумати “Почта России” ташкилотини дронларга қарши курашиш учун техник воситалар билан жиҳозлашга рухсат берди. Тегишли қарорни мамлакат Бош вазири Михаил Мишустин имзолади. Ҳужжат 3 сентябрь санаси билан қайд этилган.
Қарор федерал почта алоқаси ташкилотлари жиҳозланиши мумкин бўлган ва 2005 йилдан бери амал қилиб келаётган қурол-аслаҳа ва махсус воситалар рўйхатини тўлдиради. Унга дронли ҳаво, сувости ва сувусти кемалари ҳамда аппаратларига, дронли транспорт воситаларига ва бошқа автоматлаштирилган дрон мажмуаларига қарши курашиш воситалари киритилган.
Ушбу ўзгартиришга қадар рухсат этилган жиҳозлар рўйхати хизмат ва фуқаролик қуроллари, патронлар, бронежилетлар ва бошқа шахсий ҳимоя воситаларини ўз ичига олган. Дронларга қарши воситалар (айнан қайсилари экани айтилмаган) алоҳида категорияга ажратилган.
Шу билан бирга, қарордан “Почта России”нинг айнан қайси ходимлари дронларга қарши курашиш воситаларидан фойдаланиши мумкинлиги аниқ эмас. 2005 йилги қарор почта жўнатмалари ва пул маблағларини қўриқлайдиган ходимларга қурол бериш меъёрларини алоҳида, федерал почта алоқаси ташкилотларини жиҳозлаш учун қурол ва махсус воситаларнинг умумий рўйхатини эса алоҳида белгилайди. Ҳукумат дронларга қарши курашиш воситаларини айнан иккинчи – умумий рўйхатга қўшган бўлиб, улар берилиши мумкин бўлган ходимларнинг конкрет лавозимларини кўрсатмаган.
Қайд этиш жоиз, Украина Россиянинг Wildberries ва Ozon логистика компаниялирини доимий равишда бомбардимон қилмоқда. Россия ҳукуматининг юқоридаги қарори айнан шу вазият фонида қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ростов вилоятида Украина дронлари ҳужуми оқибатида Ozon’нинг логистика марказларидан бирида ёнғин чиққан эди.
Live
All