Россия НАТОдан Марказий Осиёдаги ҳарбий фаолиятини тўхтатишни талаб қилди – NYT

World

−

image

Россия Украинадаги урушни якунлаш бўйича ўзининг музокаралар позициясига НАТО давлатларининг Марказий Осиёдаги “ҳар қандай ҳарбий фаолияти”дан воз кечиши тўғрисидаги талабни киритди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.

Қайд этилишича, газета ихтиёрига Россия вакиллари Абу-Дабида Америка ва Украина делегациялари билан ўтказилган музокаралар чоғида топширган норасмий ҳужжат келиб тушган.

Талаб нафақат Марказий Осиёга, балки Украина, Шарқий Европанинг бошқа давлатлари ва Жанубий Кавказга ҳам тааллуқли. Бундан ташқари, Москва НАТОнинг янада кенгайишини тўхтатишни талаб қилмоқда.

“Шу орқали Кремль Шимолий Атлантика альянсининг ҳарбий фаолиятини Украина чегараларидан анча узоқда, жумладан, Марказий Осиё минтақасида ҳам чеклашга эришмоқчи”, дейилади хабарда.

Нашрнинг ёзишича, Москванинг ҳозирги позицияси Россия Украинага кенг кўламли босқинни бошлашдан олдин илгари сурган талабларни деярли такрорлайди.

Маълумот учун, 2021 йил 17 декабрда Россия ТИВ НАТО давлатлари билан хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги келишув лойиҳасини эълон қилган. Ҳужжатнинг 7-моддасида альянс мамлакатларининг “Украина, шунингдек, Шарқий Европа, Кавказорти ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳудудида ҳар қандай ҳарбий фаолият юритишдан” воз кечиш мажбуриятини мустаҳкамлаб қўйиш таклиф этилган.

Шу билан бирга, ушбу таъриф нафақат ҳарбий базаларни жойлаштиришга, балки НАТО давлатларининг санаб ўтилган минтақалардаги ҳар қандай ҳарбий фаолиятига ҳам дахлдор.

“The New York Times” маълумотларига кўра, Абу-Дабидаги музокаралар пайтида Россия вакиллари урушдан кейинги тартибнинг эҳтимолий модели сифатида совуқ уруш давридаги Европа тузилишини мисол қилиб келтирган.

Улар Европанинг Америка ва Совет таъсир доираларига бўлиниши, шунингдек, ўша пайтда қарама-қарши блоклар ўртасида мавжуд бўлган келишувлар ва алоқа каналлари тўғридан тўғри ҳарбий тўқнашув хавфини камайтиришга имкон берганини таъкидлаган.

Бироқ Америка нашри таянаётган ушбу ёндашув танқидчилари Вашингтон амалда Владимир Путинга Шарқий Европадан Марказий Осиёгача бўлган совет намунасидаги таъсир доирасини тиклашга ёрдам бериши мумкинлигидан хавотирда.

Москва яна қандай талабларни илгари сурди?

Россия Марказий Осиё ва бошқа минтақаларда НАТОнинг ҳарбий фаолиятини чеклашдан ташқари, альянс қўшинлари ва ҳарбий базаларини 1997 йилги – НАТОнинг шарққа томон кенгайиши бошланишидан олдинги позицияларига қайтаришни талаб қилмоқда. Москва, шунингдек, Украинага Ғарб қурол-яроғлари ва ҳарбий техникасини етказиб беришни тўлиқ тўхтатишни талаб этяпти.

Алоҳида шарт Украинанинг Европа Иттифоқига эҳтимолий аъзо бўлишига тегишли. Россия томони мамлакатнинг ЕИга аъзолигига фақат Киев бирлашманинг умумий мудофаа сиёсатида иштирок этмаган тақдирдагина рози бўлишга тайёр.

Яна бир талаб Буюк Британия ва Францияга қаратилган. Москва позициясига кўра, ушбу давлатлар бошқа Европа давлатларини ҳимоя қилиш учун ўз ядровий қуролларидан фойдаланиш имкониятини истисно қилишлари керак.

“The New York Times” танишиб чиққан ҳужжат жорий йилнинг 10 ноябрь санаси билан қайд этилган. Унда расмий бланка ва имзо мавжуд эмас.

Гап томонлардан бирининг музокаралар позицияси баён этилган норасмий дипломатик ҳужжат – non-paper ҳақида бормоқда. У келишилган тинчлик режаси ёки юридик жиҳатдан мажбурий келишув ҳисобланмайди.

NYT ҳужжатни музокараларда иштирок этган шахсдан олган. Яна бир хабардор суҳбатдош унинг ҳақиқийлигини тасдиқлаган. Нашр манбаларининг сўзларига кўра, Россия вакиллари баён этилган талаблар музокараларнинг бошланғич позицияси эканлигини билдирган. Шу билан бирга, Владимир Путин айрим масалалар бўйича ҳали мослашувчанлик кўрсатиши мумкин.

“The New York Times” газетасининг Америка маъмуриятидаги манбасига кўра, АҚШ музокарачилари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Россия томонига 2021 йил декабридан буён халқаро вазият сезиларли даражада ўзгарганини эслатган. Улар агар Москванинг янги таклифлари Россия томонидан кескинликни пасайтириш бўйича аниқ қадамларни назарда тутса, уларни кўриб чиқишга тайёр эканликларини билдирган. Владимир Путиннинг вакили Америка нашрига ҳужжат юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиби Таалатбек Масадиков сўнгги пайтларда Ғарб мамлакатлари вакиллари Марказий Осиё республикалари раҳбариятига ўз ҳудудларида ҳарбий базаларни жойлаштириш бўйича илтимослар билан тез-тез мурожаат қилаётганини айтган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends