Россия мадҳияси вақтида ўрнидан турмаган икки аёл жаримага тортилди

World

−

image

Доғистоннинг Каспийск шаҳрида суд жорий йилнинг 1 сентябрь куни ўтказилган байрам тадбирида Россия мадҳияси янграётган вақтда ўрнидан турмаган икки аёлнинг ҳар бирига 2,5 минг рублдан (372 минг 944 сўм атрофида) жарима солди. Бу ҳақда “The Caucasian Knot” хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳар икки аёлга Россия давлат рамзларидан фойдаланиш тартибини бузганлик бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган. Доғистон Олий суди матбуот хизматига кўра, воқеа Республика таълим марказида Билимлар кунига бағишлаб ўтказилган тадбирда содир бўлган. Россия мадҳияси ижро этилган вақтда аёллар ўринларидан турмаган.

Суд мажлисида улар ўзларига қўйилган айбловни тан олмаган. Аёллардан бири қучоғида ёш боласи бўлгани учун, иккинчиси эса ўзини яхши ҳис қилмагани сабабли ўрнидан тура олмаганини билдирган. Бироқ суд бу важларни инобатга олмаган ва ҳар иккисини айбдор деб топган. Ҳозирча аёлларнинг суд қарори устидан шикоят қилиш-қилмаслиги маълум эмас.

Кавказда бундай ҳолатлар аввал ҳам кузатилган

Шимолий Кавказ республикаларида давлат мадҳиясига ҳурматсизлик қилганлик учун фуқароларнинг жаримага тортилиши билан боғлиқ ҳолатлар учраб туради.

Масалан, 2024 йил июль ойида Налчик шаҳридаги мактаб битируви тадбирида Россия мадҳияси янграган вақтда ўрнидан турмаган ўқувчиларнинг ота-оналарига нисбатан маъмурий баённомалар тузилган. Оқибатда Кабардин-Балқариянинг саккиз нафар аҳолисига 3 минг рублдан жарима солинган. Уларнинг орасида “RusHydro” компанияси ходими ҳам бўлган. Корхона ундан оммавий равишда узр сўрашни талаб қилган.

Бундан ташқари, 2025 йил апрель ойида Кабардин-Балқария ва Қорачой-Черкесияда спорт мусобақалари вақтида Россия мадҳиясига ҳурматсизлик қилган саккиз киши жаримага тортилган. Кейинчалик Черкесск шаҳридаги стадионда мадҳия янграган вақтда ўрнидан турмаган 20 ёшли йигит ҳам жазоланган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends