Россия Харьковдаги йўловчи поездига зарба берди
World
−
16:55 1322 2 minutes
Бугун, 18 сентябрь куни Россия кучлари Харьков вилоятида йўловчи поездига ҳужум қилди. Ҳодиса оқибатида 1 киши ҳалок бўлиб, 7 киши жароҳатланди. Бу ҳақда “Ukrinform” хабар берди.
“Душман Харьков вилоятидаги шаҳар атрофи йўналишида қатновчи поездга зарба берди. Хавф “Укрзализница”нинг мониторинг гуруҳи томонидан аниқланган, шундан сўнг йўловчилар эвакуация қилинган”, дейилади Украина темир йўллари компанияси баёнотида.
Дастлабки маълумотларга кўра, эвакуация вақтида поезддан хавфсиз масофага узоқлашмаган 2 нафар йўловчи оғир жароҳат олган. Ҳодиса жойига қутқарувчилар ва тиббиёт ходимлари йўл олган. Туш пайтига келиб, 1 киши ҳалок бўлгани ва 6 киши жароҳат олгани хабар қилинган.
“Бир нечта вагон, жумладан биринчи ва иккинчи вагонлар ёнмоқда. Зарба оқибатларини бартараф этиш ишлари ҳодиса жойида олиб борилмоқда. Жамоа маъмурияти электр поезд йўловчиларини Нова Водолагага олиб бориш учун ҳодиса жойига икки автобус юбормоқда. Россиянинг электр поездга берган зарбаси оқибатида 1 киши ҳалок бўлди, 6 киши жароҳатланди”, дея ёзган “Suspilne” нашри Нова Водолага жамоаси раҳбари Александр Есинин сўзларига таяниб.
Харьков вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг маълум қилишича, ҳалок бўлган шахс 40 ёшли эркак бўлган.
“7 киши жароҳат олди ва уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда”, деган Синегубов.
Унинг сўзларига кўра, поездга дрон орқали зарба берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг учувчисиз учиш аппаратлари Украина-Польша чегараси яқинидаги поездга зарба берганди. Ҳужум Буюк Британия ва Швециянинг собиқ бош вазирлари Борис Жонсон ва Карл Билдт, шунингдек, Европа Иттифоқининг бир неча давлатларидан келган хавфсизлик бўйича маслаҳатчиларни олиб кетаётган дипломатик поезд станцияни тарк этганидан бир неча дақиқа ўтиб содир бўлган эди.
Live
All