Россия қўшинлари Одессани бомблади
World
−
12:25 1987 2 minutes
Россия қўшинлари бугун, 2 сентябрга ўтар кечаси Одесса шаҳри ва Одесса вилоятига ракета ҳамда дронлар билан ҳужум қилди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.
Одесса шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисакнинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида 8 киши, жумладан, бир бола жароҳатланган. Икки нафар жабрланувчи шифохонага ётқизилган.
Шунингдек, автомобиллар, офис бинолари ва иккита таълим муассасасига зарар етган. Бундан ташқари, 24 қаватли турар жой биноси зарарланган, айрим қаватлардаги хонадонлар вайрон бўлган, қўшни биноларнинг деразалари синган.
“Суспилне” хабарига кўра, Одессанинг айрим ҳудудларида электр таъминоти узилган, шаҳар электр транспорти фаолияти тўхтатилган. Пересип туманида эса сув таъминотида узилишлар кузатилган.
Россия Мудофаа вазирлиги эса зарбалар Одесса портидаги учувчисиз катерлар ишлаб чиқарувчи корхона ва ёнилғи сақланадиган резервуарларга берилганини маълум қилган.
Шунингдек, Россия кучлари кечаси Полтава вилоятидаги саноат объектига ҳам ҳужум қилган. Бу ҳақда вилоят ҳарбий маъмурияти бошлиғи Виталий Дякивнич маълум қилган. Қайд этилишича, Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати бўлинмалари ҳужум содир бўлган жойда ишламоқда. Лубний туманида эса Россия дрони очиқ майдонга қулаган. Ҳар икки ҳодисада ҳам қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 сентябрь куни Россиянинг Украина пойтахти Киев ва унинг атрофига уюштирган ҳаво ҳужумлари оқибатида 4 киши ҳалок бўлиб, 14 дан ортиқ одам жароҳатланган эди.
Live
All