Россия бир оқшомнинг ўзида Киевдаги боғча ва лицейга зарба берди
World
−
08:27 1205 2 minutes
Россия дронлари кеча, 25 сентябрь оқшомида Киев вилоятининг Вишгород туманидаги 2-сонли Иванков лицейига ва Киевнинг Оболонь туманидаги болалар боғчасига зарба берди. Иккала бинода ҳам ёнғин чиққан. Ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганлар ҳақида маълумот йўқ. Бу ҳақда ТСН хабар берди.
Киев вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко Иванков лицейига берилган зарбадан сўнг олов бинонинг 300 квадрат метрдан ортиқ майдонини эгаллаб олганини маълум қилган. Ўққа тутиш вақтида лицей ўқувчилари бинода бўлмаган. Ткаченконинг маълумотларига кўра, таълим муассасасида жами 1100 га яқин бола таҳсил олади.
“Россияликлар фуқаролик объектларига берилаётган зарбаларга ижтимоий инфратузилмага қарши террорни ҳам қўшмоқда – болалар таҳсил олаётган мактабларга зарба бермоқда”, дейди Ткаченко.
Киев мэри Виталий Кличко Оболонь туманида дрон, тахминларга кўра, болалар боғчасининг икки қаватли биносига тушганини ва шундан сўнг у ерда ёнғин бошланганини хабар қилган. Воқеа жойидан ТСН дрон зарбасидан мактабгача таълим муассасаси зарар кўрганини тасдиқлаган. Нашр маълумотига кўра, ҳужумдан сўнг бинони олов эгаллаган, воқеа жойига шошилинч хизматлар етиб борган.
Таълим муассасаларига берилган зарбалар Киевга уюштирилган оммавий ҳужум фонида содир бўлган. Кличконинг маълумотларига кўра, 25 сентябрь куни Россия зарбалари оқибатида етти киши ҳалок бўлган, яна 59 киши жароҳат олган. Жароҳатланганларнинг 25 нафари шаҳар шифохоналарида қолмоқда, улардан бирининг аҳволи оғир. Ҳалок бўлганлар орасида 14 ёшли ўсмир ҳам бор. Яна икки нафар бола шифохонага ётқизилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Россиянинг бир қатор ҳудудларига йирик дрон ҳужумини уюштириб, нефтни қайта ишлаш заводи ва йўловчи поездига зарар етказгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All