Россия АҚШдаги сайловларга аралашиш кампаниясини бошлади – разведка
World
−
17:31 993 2 minutes
Россия АҚШда ноябрь ойида бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларга таъсир кўрсатиш учун интернетда дезинформация тарқатишни бошлади. Бу ҳақда Америка разведкасининг махфий ҳисоботларига таяниб, “The New York Times” газетаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, Кремль навбатдаги аралашув кампаниясини маъқуллаган бўлиб, ундан мақсад муайян бир партияни қўллаб-қувватлаш эмас, балки Америка жамиятида парокандалик келтириб чиқариш ва келишмовчиликларни кучайтиришдир. Шу билан бирга, тадқиқотчилар томонидан аниқланган материаллар ҳозирча асосан рақобатли округлардаги демократ номзодларга қарши қаратилган.
Сохта контентни яратиш ва тарқатиш учун сунъий интеллектдан (СИ) фойдаланилмоқда. Кўплаб видеороликлар CNN, BBC ва NYT материаллари каби стилизация қилинган. Уларда номзодлар коррупция, антисемитизм ва ЛГБТни қўллаб-қувватлашда айбланади.
Тадқиқотчилар охирги ҳафтада бу каби видеоларнинг иккита тўлқинини қайд этган. “Graphika” таҳлилий компанияси ушбу фаолликни Россиянинг “Перезагрузка” (Overload) операцияси, шунингдек “Матрешка” номи билан машҳур бўлган кампания билан боғлаган.
Шу билан бирга, АҚШ разведкаси бевосита овоз бериш жараёнига таҳдид солиши мумкин бўлган сайлов инфратузилмасини бузиб кириш (хакерлик) уринишларини аниқламаган. Шунингдек, нашр сўров ўтказган Америка расмийларининг айтишича, жорий дезинформация кампанияси Россиянинг аввалги операцияларига қараганда камроқ масштабли ва камроқ мувофиқлаштирилгандек кўринмоқда.
Уларнинг сўзларига кўра, махсус хизматлар Москвани оралиқ сайловларга қараганда президентлик сайловлари кўпроқ қизиқтиради деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, унинг эътиборини Украина билан чўзилиб кетган уруш чалғитмоқда. Шу билан бирга, “Graphika” катта тадқиқотчиси Жан Ле Ру Россия кампанияси “жадаллашиб боришини” тахмин қилмоқда.
“Улар тўхтаб қолади деб ўйламайман”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йилнинг ноябрь ойидаги Конгресс сайловларида республикачилар назоратни сақлаб қолса, ҳар бир катта ёшли америкаликка 5 минг доллардан “Трамп дивиденди” тўлашни ваъда қилганди.