Россия аэропортлари 9 ойда дронлар сабабли қарийб 3 минг марта ёпилди – “Forbes”
World
−
10:09 288 3 minutes
Жорий йилнинг январь–август ойларида Россия фуқаролик аэропортлари учувчисиз учиш аппаратлари хавфи муносабати билан чекловлар киритилиши сабабли 2860 марта ёпилган. Бу ҳақда “Росавиация” ҳисоботларига таяниб, “Forbes” хабар қилди.
Қайд этилишича, бу бир йил олдинги кўрсаткичдан 4,5 баравар кўп. Ўшанда об-ҳаво шароити сабабли киритилган чекловларни ҳисобга олмаганда “ковёр” (гилам) режими 643 марта эълон қилинган. 2025 йилнинг саккиз ойи давомида захира аэродромларига 1174 та рейс қайта йўналтирилган бўлса, “Росавиация”бу йилги кўрсаткич қанчалиги ҳақида хабар бермаган. “Forbes” маълумотларига кўра, қайта йўналтирилган самолётлар сони тахминан 4 бараварга ошган бўлиши мумкин.
“RunAvia” компанияси бош директори Андрей Патраковнинг баҳолашича, 2026 йилнинг январь ойидан сентябрь ойигача захира аэропортларига йўналтиришлар сони 4000–5000 тагача ошган бўлиши мумкин. Бу йил дронлар сабабли амал қилган чекловларнинг умумий давомийлиги ҳам 4,1 бараварга узаайган.
Патраковнингсўзларига кўра, узилишлар узоқроқ давом этмоқда ва рейслар энди қайта йўналтирилишдан кўра, бевосита аэропортнинг ўзидаёқ ушлаб турилибди ёки бекор қилинмоқда. Эндиликда Россиянинг Европа қисмига қараганда соатига парвозлар сони камроқ бўлган Урал ва Ғарбий Сибирдаги ҳаво бандаргоҳлари ҳам ёпила бошланган. “Forbes” баҳосига кўра, бу йил “ковёр” режимларидан авиакомпанияларнинг кўрган зарари 200 миллиард рублдан ошиши мумкин.
Масалан, 2026 йилда битта ўртача рейс бошқа аэропортга қайта йўналтирилганда, унга сарфланадиган харажатлар тахминан 1,1–2,1 миллион рублни ташкил этади ва бунинг қарийб ярми ёнилғига кетади. Ваҳоланки, ўтган йили бу кўрсаткич 0,9–1,7 миллион рублни ташкил этган. Патраковнинг сўзларига кўра, агар ҳаво бандаргоҳининг ёпилиши чўзилиб кетса, бунга йўловчиларни меҳмонхонага жойлаштириш ва экипажни алмаштириш харажатлари қўшилади, тўғридан тўғри чиқимлар эса 1,9–3,4 миллион рублгача ортиб кетади.
“Агар бунга аэропорт хизматлари, экипаж иш ҳақи ва олинмай қолган даромадни қўшадиган бўлсак, 2026 йилнинг тўққиз ойи давомида авиакомпаниялар 175 миллиарддан 275 миллиард рублгача зарар кўрган бўлиши мумкин. Гап жабр кўрган 24 000 та рейс ҳақида бормоқда, улардан 13 000 таси ушлаб турилган, 11 000 таси эса бекор қилинган”, дейди Патраков.
Октябрь ойида Украина дронлари сабабли Россиянинг энг йирик авиация тугуни – Москва авиатугунида камида беш марта коллапс юзага келган. Жорий йилнинг 23 октябрь куни кундузи тўрттала ҳаво бандаргоҳи – Внуково, Домодедово, Шереметьево ва Жуковский ёпиб қўйилган. Ўша куни 340 дан ортиқ рейс кечиктирилган ёки бекор қилинган, 24 октябрь куни эса яна 200 дан ортиқ парвоз жадвали бузилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путиннинг самолёти Туркманистондан қайтишда Украина дронларининг ҳужумлари сабабли Москвага қўна олмаганди ва Санкт-Петербургга боришга мажбур бўлган эди.
Live
All