Россия Абу-Дабидаги музокараларда НАТОдан 1997 йилги чегараларга чекинишни талаб қилди – NYT

World

−

image

Россия Украинадаги урушни тугатиш бўйича Абу-Дабида ўтказилган музокараларда НАТОдан ўз қўшинларини 1997 йилдаги позицияларига қайтаришни, альянснинг кейинги кенгайишидан ва Шарқий Европадаги ҳарбий фаоллигидан воз кечишни талаб қилди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Россия вакиллари ушбу талабларни АҚШ Президенти Дональд Трамп вакиллари билан ўтказилган ёпиқ музокараларда баён қилган. Москва позицияси акс этган ҳужжат музокараларга алоқадор шахс томонидан нашрга тақдим этилган. Ҳужжатнинг ҳақиқийлигини музокаралардан хабардор яна бир манба ҳам тасдиқлаган.

Ҳужжатда Россиянинг 2021 йил декабрида илгари сурган бошқа талаблари ҳам такрорланган. Хусусан, НАТОнинг кейинги кенгайишига йўл қўймаслик, шунингдек, Украинада, Шарқий Европада, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёда альянснинг ҳар қандай ҳарбий фаолиятини тўхтатиш талаблари келтирилган.

Нашрнинг қайд этишича, Абу-Дабидаги музокараларда Россия вакиллари Совуқ уруш даври ва Совет Иттифоқи бошчилигидаги Варшава шартномаси ташкилотини урушдан кейинги Европа учун намуна сифатида кўрсатган. Улар ўша даврдаги АҚШ ва СССР ўртасидаги таъсир доиралари ҳамда келишувлар можаролар хавфини камайтирганини таъкидлаган.

Музокараларда АҚШ вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Россия томонига 2021 йил охиридан буён кўп нарса ўзгарганини айтиб, келажакка қарашга чақирган.

Бироқ кейинчалик Москвада Владимир Путин билан ўтказилган учрашувда Кремль раҳбари НАТО қўшинларини 1997 йилги позицияларига қайтариш талаби Россиянинг хавфсизлик архитектураси ҳақидаги қарашларини ҳануз акс эттиришини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абу-Дабида жорий йилнинг 10–11 ноябрь кунлари Украинадаги урушни тугатиш бўйича ўтказилган кўп томонлама музокараларда Россия делегацияси норасмий равишда нафақат Киевга тааллуқли бўлган “Европа хавфсизлигининг янги тартиби” бандларини илгари сурганди, балки Кремль вакиллари Финляндиянинг НАТОдан чиқишини талаб қилган, шунингдек, альянснинг Латвия, Литва ва Эстониядаги ҳарбий базалардан воз кечиши тарафдори эканини билдирган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends