Расман! “Манчестер Юнайтед” Кэррикни истеъфога чиқарди

Sport

−

image

Англиянинг “Манчестер Юнайтед” клуби раҳбарияти бош мураббий Майкл Кэррикни истеъфога чиқарди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Майкл Кэррик сўнгги 70 кун ичида атиги битта ғалабага эришди. Унинг қўл остидаги жамоа эса Премьер-лигада қуйи лигага тушиб кетиш хавфи бўлган ҳудудда қолмоқда.

Клуб раҳбарияти шу вақтга қадар Кэррикка ишонч билдириб келган бўлса-да, “Астон Вилла”га қарши 4:4 ҳисобидаги дурангдан кейин вазият ўзгарган. Ушбу натижа “Манчестер Юнайтед”ни турнир жадвалида 18-ўринда қолдирган.

“The Guardian” нашрининг хабар беришича, ўйиндан кейинги 24 соат ичида клубдаги асосий фикр ўзгарган. Спорт директори Жейсон Уилкокс ва бош директор Омар Беррада вазиятни муҳокама қилиб, таҳлил қилганидан сўнг Кэррикни истеъфога чиқаришга қарор қилган.

BBC маълумотига кўра, Маурисио Почеттино ушбу лавозимга асосий номзод ҳисобланади. Аргентиналик мутахассис “Манчестер Юнайтед”ни бошқариш бўйича асосий шартлар масаласида оғзаки келишувга эришган.

Маълумот учун, 45 ёшли Кэррик жорий йилнинг январь ойида “Манчестер Юнайтед” бош мураббийи этиб тайинланган. Унга қадар икки марта жамоада вақтинчалик бош мураббий вазифасини бажарган: 2018 йилда Жозе Моуриньо кетганидан кейин ва 2021 йилда мураббийлар штабида фаолият юритган Оле-Гуннар Сульшер истеъфога чиқарилганидан сўнг.

2022 йилдан 2025 йилгача Кэррик “Мидлсбро” бош мураббийи бўлиб ишлаган. У футболчилик фаолияти давомида “Манчестер Юнайтед” билан беш марта Англия чемпионлигини, Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини қўлга киритган. Жорий йилнинг май ойида “Манчестер Юнайтед” Кэррик билан шартномани 2028 йилгача узайтирган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends