Расман: энди пешлавҳалар реклама ҳисобланмайди
Local
−
11:46 1228 3 minutes
Энди Ўзбекистонда бизнес пешлавҳалари реклама деб ҳисобланмайди. Бу ҳақда жорий йилнинг 13 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга мувофиқ, тадбиркорлик субъекти ўзи эгаллаб турган бино ёки иншоотнинг ташқи томонида (кириш жойида) жойлаштирган номи ва фаолият тури (ихтисослиги) тўғрисидаги ахборот (пешлавҳа) шу жумладан, фирма номи, товар ёки хизмат кўрсатиш белгиси, ташқи реклама объекти ҳисобланмайди ҳамда ушбу ахборот воситаси учун реклама жойининг паспортини расмийлаштириш талаб этилмайди.
Шунингдек, юридик шахсларнинг мулк ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида тегишли бўлган ўз автотранспорт воситаларига ўзига тегишли товар белгиси, фаолият турига тегишли ёзувлар ва ишлаб чиқарадиган маҳсулотлари (кўрсатадиган хизматлари) ҳақидаги реклама маълумотлари соддалаштирилган тартибда жойлаштирилади.
Бунда юридик шахслар автотранспорт воситаларига ўзига тегишли бўлган товар белгисини, фаолият турига тегишли ёзувлар ва ишлаб чиқарадиган маҳсулотлари (кўрсатадиган хизматлари) ҳақидаги реклама маълумотларини жойлаштириш учун хабарномани ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади. Хабарнома ЯИДХПда қабул қилинган вақтдан бошлаб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва Тошкент шаҳрида Департаменти хабардор қилинган ҳисобланади ва тизим томонидан реклама жойининг паспорти автоматик равишда шакллантирилади.
Хабарномада нотўғри маълумотлар, шунингдек, ўзгаларга тегишли товар белгилари тақдим этилганлиги аниқланган тақдирда, шакллантирилган реклама жойининг паспорти автоматик равишда бекор қилинади ва бу ҳақида юридик шахсга асослантирилган хат юборилади. Юридик шахслар автотранспорт воситаларига ўзига тегишли бўлган товар белгисини, фаолият турига тегишли ёзувлар ва ишлаб чиқарадиган маҳсулотлари (кўрсатадиган хизматлари) ҳақидаги реклама маълумотларини жойлаштириш ҳуқуқни берувчи реклама жойи паспортини расмийлаштириш учун йиғим ундирилмайди.
Шунингдек, паспортни онлайн бекор қилиш мумкин. Реклама жойи паспортидан ихтиёрий воз кечиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза юборилади. Маълумотлар солиқ органларига автоматик тарзда етказилади.
Қисқа муддатли реклама учун аниқ муддатлар белгиланди. Қурилиш объектларида реклама қурилиш тугагунча туриши мумкин, байрам ва тадбирлар учун эса 30 кунгача.
“Дизайн-код” энди тўсатдан ўзгармайди. Бу бўйича қарорлар фақат жамоатчилик муҳокамасидан, жумладан, regulation.gov.uz порталидан ўтгандан кейин қабул қилинади. Улар эълон қилингандан 3 ой ўтиб кучга киради. Рўйхатдан ўтган товар белгисидан фойдаланиш имконияти сақланиши шарт. Тошкент шаҳрининг “дизайн-коди” 10 декабргача тадбиркорлар ва ОАВ иштирокида муҳокама қилинади.
Мажбурий демонтажга аниқ тартиб жорий этилди:
- демонтаж куни ва вақти ҳақида 2 кун олдин веб-сайтда эълон қилинади, эгасига эса ёзма хабар юборилади.
- демонтаж фақат иш кунлари соат 09:00–18:00 оралиғида амалга оширилади.
- демонтаж вақтида эгаси иштирокида далолатнома тузилади. Унда сана, вақт, сабаб, фотосуратлар ва конструкция сақлашга юборилган манзил кўрсатилади.
- тадбиркорга оид қарорлар ва хабарномалар унинг юридик манзилига ёзма равишда ҳам юборилади.
Ташқи реклама объектларининг жойлаштирилиши бўйича жамоатчилик назорати “Халқ назорати” электрон портали орқали йўлга қўйилади.
Live
All