Путин Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликни янгиламоқчи
World
−
28 July 10663 3 minutes
Россия Президенти Владимир Путин ҳукуматга Ўзбекистон ва Қозоғистон билан ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги шартномаларни ўзгартириш бўйича музокараларни бошлашга рухсат берди. Кеча, 27 июль куни иккита фармойиш имзоланди ва ҳуқуқий ахборот расмий порталида эълон қилинди. Улар Қозоғистон билан 2013 йил 24 декабрдаги битим ва Ўзбекистон билан 2016 йил 29 ноябрдаги шартномага тегишли. Бу ҳақда “The Insider” хабар берди.
Қайд этилишича, амалдаги шартномалар ушбу мамлакатларга Россия қурол-яроғини сотишнигина эмас, балки ҳарбий аҳамиятга эга маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни ҳам тартибга солади. Бундай маҳсулотлар қаторига қурол-яроғ ва ҳарбий техника, ишлар ва хизматлар, ҳарбий-техник ахборот, технологиялар, интеллектуал фаолият натижалари, шунингдек, конструкторлик, техник, технологик ва фойдаланиш ҳужжатлари киритилган. Келишувлар қурол-яроғларни таъмирлаш ва модернизация қилиш, биргаликдаги тадқиқот ва ишланмалар, қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва мутахассисларни тайёрлашни назарда тутади.


Хар иккала шартнома бўйича етказиб бериш ваколатли ташкилотлар ўртасидаги контрактлар асосида амалга оширилади. Ҳарбий маҳсулотларни олиб кириш ва олиб чиқиш томонларнинг давлат органлари томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича амалга оширилади. Шу тариқа, шартномалар қурол-яроғ, бутловчи қисмлар ва улар билан боғлиқ хизматларни нафақат Россиядан Қозоғистон ва Ўзбекистонга, балки қарама-қарши йўналишда ҳам етказиб бериш имконини беради.
Нашрнинг ёзишича, Россия Украинага кенг миқёсли бостириб кириш бошланганидан кейин киритилган чекловлар фонида ушбу келишувларни ўзгартиришга тайёргарлик кўрмоқда. Европа Иттифоқи Россияга қурол-яроғ, ҳарбий товарлар ва икки хил мақсадда фойдаланиладиган маҳсулотларнинг кенг рўйхатини, жумладан, электрон ва оптик компонентлар, двигателлар ҳамда дронлар учун деталларни экспорт қилишни тақиқлаган. АҚШ ҳам Россия ҳарбий саноатини қўллаб-қувватлаши мумкин бўлган технологиялар, дастурий таъминот ва ускуналарни етказиб бериш ҳамда қайта экспорт қилишга қаътий чекловлар ўрнатган.
АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва Япония Россия қурол-яроғ ишлаб чиқариш учун сотиб олишга уринаётган 50 та категориядаги товарлар рўйхатини алоҳида тузиб чиққан. Унга микросхемалар, радионавигация аппаратураси, конденсаторлар, оптик приборлар, подшипниклар, учиш аппаратларининг деталлари ва сонли дастурий бошқарувга эга дастгоҳлар киради. Ғарб мамлакатлари бундай товарлар Россияга санкцияларга қўшилмаган давлатлар орқали кириб бориши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқининг Россиянинг Украинага тўлиқ босқини бошлаганининг уч йиллиги муносабати билан эълон қилган 16-санкциялар пакетига Ўзбекистон компанияси киритилганди. Ўшанда механик дастгоҳларнинг улгуржи савдоси билан шуғуллануавчи Uzstanex компанияси ЕИ санкциясига учраган эди.
Шунингдек, Европа Иттифоқи томонидан Россияга қарши қабул қилинган 17-санкциялар пакети доирасида Ўзбекистоннинг Trade Engine System компанияси “қора рўйхат”га тушганди. Мазкур компания Россия ҳарбий-саноат комплексига кўмаклашишда гумон қилинган.
Live
All