Путин Украинадаги уруш туфайли қийин аҳволда – Трамп

World

−

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия Президенти Владимир Путин Украинага қарши бошлаган уруш сабаб ҳозир қийин вазиятда қолганини айтди. Унинг таъкидлашича, бир кунда якунланиши керак бўлган уруш беш йилдан буён давом этмоқда. Бу ҳақда “Европейская правда” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, 20 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Трампдан Путинни АҚШнинг дўсти деб ҳисоблайдими, деб сўрашган. Америка Президенти АҚШ номидан бундай баёнот бера олмаслигини билдирган, бироқ Россия етакчиси билан шахсан яхши муносабатларга эга эканини айтган.

“У билан муносабатларимиз жуда яхши. Унинг ядровий қуроллари жуда кўп – бу борада у биздан кейин иккинчи ўринда туради. Бу жуда яхши”, деган Трамп.

Шу билан бирга, у Путин ҳозир қийин даврни бошдан кечираётганини таъкидлаган.

“У ҳозир қийин аҳволда, чунки бир кунда тугаши керак бўлган урушни олиб бормоқда, аммо бу уруш аллақачон беш йилдан бери давом этяпти. Икки томондан ҳам кўплаб одамлар ҳалок бўлди. Менимча, бу уруш тугайди. Путин билан муносабатларим яхши, деб ўйлайман”, дея қўшимча қилган АҚШ Президенти.

Матбуот анжуманида Трамп Путин унга Украина билан урушни дипломатик йўллар орқали якунлашни исташини билдирганини ҳам айтган.

Маълумот учун, 19 ноябрь куни Хитойнинг Шэнчжэн шаҳридаги учрашув олдидан Дональд Трамп Давлат котиби Марко Рубио ва Молия вазири Скотт Бессент билан залга кирган. У ерда Владимир Путинни кўрсатиб, ҳазиломуз тарзда “У ким? У менинг дўстим”, деган ва кейин Россия Президенти билан қўл бериб кўришган.

Трампнинг бу ҳаракати АҚШ сиёсатчилари танқидига сабаб бўлган. Хусусан, Сенат Ташқи алоқалар қўмитасининг юқори лавозимли аъзоси, демократ Жанна Шахин Россия президентини “қонхўр уруш жиноятчиси” деб атаган.

Украина Президенти Владимир Зеленский эса Путин Трамп учун дўст бўлиши мумкинлигини, аммо Украина учун у душман ва қотил эканини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ аввалроқ19 ноябрь куни Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида АҚШ Президенти Дональд Трамп, ХХР Раиси Си Цзиньпин ва Россия Президенти Владимир Путиннинг уч томонлама музокаралари бўлиб ўтганди. Учрашув Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасидаги “Цилинь Шаньчжуан” давлат қароргоҳида ўтказилган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends