Путин Тожикистонда: у Раҳмон билан 201-ҳарбий база келажагини муҳокама қилади
World
−
12:30 317 2 minutes
Бугун, 20 ноябрь куни эрталаб Россия Президенти Владимир Путин амалий ташриф билан Тожикистонга борди. Душанбе халқаро аэропортида уни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон кутиб олди. Бу ҳақда Тожикистон Президентининг матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф давомида икки давлат раҳбарлари стратегик шериклик ва иттифоқчиликни янада ривожлантиришнинг асосий масалаларини, шунингдек, долзарб халқаро ва минтақавий кун тартибини муҳокама қилишни режалаштирмоқда.

“Интерфакс”нинг ёзишича, Путин Имомали Раҳмонни Бош вазир ўринбосари Алексей Оверчук бошчилигидаги Россия ҳукумат делегациясининг Афғонистонга сафари якунлари тўғрисида хабардор қилиш ниятида.
Музокараларнинг яна бир мавзуси Тожикистонда жойлашган 201-Россия ҳарбий базасининг фаолияти бўлади. Путин томонлар хавфсизлик ва базанинг республикада бундан кейинги мавжудлиги масалаларини муҳокама қилишини маълум қилган.

Россия Президентининг сўзларига кўра, кун тартибидан икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ва истиқболли қўшма лойиҳалар ҳам ўрин олади.

Маълумот учун, ҳозирги кунда Марказий Осиёда энг йирик ва доимий ҳарбий иштирокка эга бўлган мамлакат Россия Федерацияси ҳисобланади. Тожикистонда Россиянинг мамлакат ташқарисидаги энг йирик ҳарбий объекти — 201-ҳарбий база жойлашган (Душанбе ва Бохтар шаҳарларида). Бундан ташқари, Тожикистондаги Норак шаҳри яқинида Россия космик қўшинларига тегишли “Окно” оптик-электрон назорат тизими фаолият юритади. Қирғизистонда эса Россиянинг Кант шаҳридаги бирлашган авиабазаси мавжуд бўлиб, у КХШТ Тезкор жавоб қайтариш кучларининг ҳаво компонентларини таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, Путин Душанбега сафаридан олдин Хитойга ташриф буюриб, у ерда Осиё–Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммитида ҳамда Россия, Хитой ва АҚШ етакчиларининг илк уч томонлама музокараларида иштирок этганди.
Путин охирги марта Тожикистонга 2025 йил октябрь ойида келган эди. Икки мамлакат Президентларининг сўнгги учрашуви эса жорий йилнинг 12 ноябрь куни Москвада Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) Коллектив хавфсизлик кенгаши сессияси доирасида бўлиб ўтган.