Путин тактик ядровий қурол ишлатиши мумкин – “Bloomberg”
World
−
26 August 2201 2 minutes
Россия Президенти Владимир Путин Украина бўйича тинчлик музокаралари берк кўчага кириб қолди деб ҳисоблайди ва жанговар ҳаракатлар кучайишига тайёргарлик кўрмоқда. Шу билан бирга, Россия Президентининг атрофидагилар орасида у якунда тактик ядровий қуролдан фойдаланиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар ортиб бормоқда. Бу ҳақда Кремлга яқин манбаларга таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, яқин орада Россия Киевга, жумладан, шаҳар марказига, шунингдек Украинанинг бошқа шаҳарларидаги инфратузилма объектларига баллистик ракеталар билан бериладиган зарбаларни кучайтиришни режалаштирмоқда.
“Трамп администрацияси воситачилигида қарийб бир ярим йилдан бери давом этган музокаралар де-факто муваффақиятсизликка учради”, дейди манбалар.
Шунингдек, иккала томон ҳам музокаралар бошида қаерда бўлган бўлса, ҳали ҳам ўша жойда турибди. Ўнлаб нефтни қайта ишлаш заводлари, портлар ҳамда маркетплейслар омборларига зарар етказган Украина зарбаларини Москва НАТО томонидан қилинган ҳужум деб ҳисоблайди, чунки альянс Киевга қурол-яроғ ва разведка маълумотларини етказиб бермоқда.
Иқтисодий босим, бензин инқирози ва логистик хабларга берилаётган зарбаларга қарамай, Путин урушни якунлашни режалаштирмаяпти. Уларнинг сўзларига кўра, ўзаро зарбаларнинг ҳозирги босқичи ҳали ҳарбий эскалациянинг чўққиси эмас.
“Россиялик амалдорларнинг тобора кўпроқ қисми Путин сўнгги чора сифатида Украинага қарши тактик ядровий қурол қўллаши мумкин, деган хулосага келмоқда”, дейди “Bloomberg”нинг Кремлга яқин манбалари.
Нуашрнинг ёзишича, бундай қадамни қўллаб-қувватловчи уруш тарафдорлари бўлган “лочинлар” томонидан даъватлар охирги вақтларда янада баландроқ янграмоқда. Чунки урушда мағлуб бўлиш Путин учун мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган сценарий.
Тўртта манбага кўра, Украина бўйича дипломатия ўз ниҳоясига етгани сабабли, Москвада эскалацияга муқобил вариантлар жуда кам деб қаралмоқда.
“Кремль ҳали ҳам Дональд Трампнинг махсус вакиллари Стивен Уиткофф ва Жаред Кушнер Москвага янги таклифлар олиб келишига умид қилмоқда, гарчи бурилиш ясалишига бўлган умидлар жуда паст бўлса-да”, дейди манбалар.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хакерлар Россиянинг “Сбербанк“ банкига тегишли экани айтилган, Россия ва Украина уруши якунланишининг эҳтимолий сценарийлари келтирилган ҳужжатни эълон қилганди.
Live
All