Президент оиласига “яқинлиги”ни айтиб, юз минглаб долларларни ўзлаштирган уюшган гуруҳга ҳукм ўқилди 

Crime

image

Андижонда ўзини юқори лавозимдаги шахсларга ҳамда Президент оиласига “яқинлиги”ни даъво қилган ва йирик миқдордаги фирибгарлик, товламачилик ва пора беришга далолат қилишда айбланган уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан суд ҳукми чиқарилди. QALAMPIR.UZ ишга оид суд ҳужжати билан танишди.

Аниқланишича, жиноий гуруҳга муқаддам бир неча бор судланган Ж.Норқулов раҳбарлик қилган. У ўзини “Президент оиласига яқин шахс” сифатида таништириб, юқори лавозимларга тайинлаш, давлат ташкилотлари билан йирик шартномалар тузиб бериш, ер ажратиш ва суд ишларини ижобий ҳал қилишни ваъда қилган. Гуруҳнинг бошқа аъзолари эса бундай хизматларга эҳтиёжи бор шахсларни топиб, уларни Ж.Норқулов билан учраштириб турган.

Суд материалларига кўра, гуруҳ 2021 йилда фуқаро М.Жўрабоевни Асака туманидаги “Кўприклардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонасига раҳбар қилиб тайинлатишни ваъда қилиб, ундан 25 000 АҚШ доллари талаб қилган. Кейинчалик унга ва оила аъзоларига таҳдид қилиб, Captiva автомобилини сотишга мажбурлаган ва ундан 10 000 доллар товламачилик йўли билан олинган. Ваъда қилинган лавозим эса таъминланмаган.

Шунингдек, поезд ва вагонлар учун эҳтиёт қисмлар етказиб бериш билан шуғулланган тадбиркор Д.Дадабоевга ўзини “Президент оиласига яқин шахс” сифатида таништириб, “Ўзбекистон темир йўллари” орқали 280 миллиард сўмлик шартнома олиб беришни ваъда қилиб, босқичма-босқич жами 119,5 минг доллар олинган. Кейин эса унга Toyota Land Cruiser 200 автомобилини 75 минг долларга сотишни таклиф қилиб, олдиндан 45 минг доллар қабул қилинган бўлса-да, на шартнома, на автомобил берилган.

Гуруҳнинг навбатдаги жабрланувчиси Россия Федерацияси фуқароси В.Алиев бўлган. Унга Янги Тошкент ҳудудида кўп қаватли уйлар қуриш учун ер ажратиб бериш, рухсатнома ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштиришни ваъда қилиб, 40 минг доллар олинган. Бироқ на ер майдони ажратилган, на қурилиш ҳужжатлари тақдим этилган.

Яна бир ҳолатда Хоразм вилояти Гурлан туманидаги фермер хўжалиги ерларини суд орқали қайтариб бериш ва кейинчалик уларни пахтачиликдан шоличиликка ўтказишни ҳал қилиб бериш баҳонасида фуқаро О.Р.дан жами 58,4 минг доллар олинган.

Бундан ташқари, гуруҳ аъзолари Қўрғонтепа туман деҳқон бозорида тадбиркорларга савдо расталари ва қурилмаган дўконларни арзон нархда бериш, уларни расмийлаштириш ҳамда электр қарздорлигини ҳал қилишни ваъда қилиб, ўнлаб миллион сўм ва бир неча минг доллардан иборат маблағларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. 

Жумладан, гўшт маҳсулотлари сотиш учун жой ажратиш баҳонасида бир тадбиркордан 30 миллион сўм, ҳали қурилмаган дўконлар учун эса бошқа савдогарлардан 5 минг долларгача маблағ ундирилган. Учта дўконни ярим нархда бериш ваъдаси билан яна бир тадбиркордан 10 минг доллар ва 13 миллион сўм олинган. Шунингдек, бошқа ҳолатда савдо жойи учун 60 миллион сўм пул ҳамда 43 миллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қўлга киритилган.

Гуруҳ аъзолари бошқа бир тадбиркорга бозорнинг электр энергиясидан қарздорлигини тўласа, фойдаланиб турган дўкони унинг номига расмийлаштирилишини билдириб, ундан 52 миллион сўм талаб қилиб, пулни олган. Бироқ ваъда қилинган савдо жойлари ва дўконларнинг бирортаси тадбиркорлар номига расмийлаштирилмаган.

Суд ҳукми

Жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман судининг 2026 йил 12 мартдаги ҳукми билан Ж.Норқулов фирибгарлик, одам ўғирлаш, товламачилик, талончилик, транспорт воситасини олиб қочиш ҳамда пора бериш билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топилиб, узил-кесил 10 йил 7 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Гуруҳнинг бошқа аъзолари – Ш.Мирзаев, М.Зухриддинов ва Д.Жўраевга эса 10 йил 2 ойдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, суд жабрланувчиларга етказилган миллиардлаб сўмлик моддий зарарни судланувчилардан солидар тартибда ундиришга қарор қилган.

Судланувчилар апелляция шикоятларида айбловлар исботланмагани, ҳаракатларида уюшган гуруҳ аломатлари мавжуд эмаслиги ва етказилган зарарнинг бир қисми қопланганини билдириб, енгилроқ жазо ёки оқлов сўраган. Прокурор эса биринчи инстанция суди айрим оғир айбловларни асоссиз чиқариб ташлаганини таъкидлаб, ҳукмга нисбатан протест киритган. Апелляция суди биринчи инстанция судининг жазога оид қисмини ўзгаришсиз қолдирган.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends