Президент маҳаллий брендларни қўллаб-қувватлаш бўйича дастур ишлаб чиқишни топширди
Local
−
21 July 3207 1 minute
Ўзбекистонда маҳаллий брендларни қўллаб-қувватлаш бўйича дастур ишлаб чиқилади. Бу ҳақда бугун, 21 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида мутасаддиларга топшириқ берди.
Қайд этилишича, йиғилишда миллий брендларни қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Бу борада жорий этилган тизим натижасида маҳаллий брендлар сони ортиб бормоқда.
Сўнгги икки йилда миллий брендлар учун 15,5 миллиард сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилган. Лекин ўз брендини рўйхатдан ўтказган 309 та маҳаллий корхонанинг учдан бири ҳалигача экспортга чиқмаган.
Давлат раҳбари бренд яратган тадбиркорлар сифат, нарх ва кафолат бўйича ички бозорда ишонч қозонганини таъкидлаган. Уларга озгина кўмак берилса, ташқи бозорларда ҳам ўз йўлини топиши мумкин.
Шу билан бирга, айрим импорт маҳсулотлари демпинг нархда ёки контрафакт сифатида кириб келаётгани маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатига салбий таъсир кўрсатаётгани айтилган.
Мутасаддиларга икки ҳафтада маҳаллий брендларни қўллаб-қувватлаш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилган.
Live
All