Президент Британиянинг савдо бўйича давлат вазирини қабул қилди
Local
−
20:49 638 2 minutes
Бугун, 9 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Британия иқтисодий қўмитасининг иккинчи йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатга келган Буюк Британиянинг савдо бўйича давлат вазири, лорд Анас Сарварни қабул қилди.
Суҳбат аввалида лорд Сарвар давлат раҳбарига Буюк Британия Бош вазири Энди Бёрнэмнинг самимий саломи ва махсус мактубини етказган.
Ўзаро манфаатли шерикликни, аввало, савдо-иқтисодий соҳада янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Сиёсий мулоқот жадал ривожланаётгани, барча даражалардаги алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилган. Хавфсизлик соҳасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ортиб бормоқда. Мамлакатда 260 та қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Лондон фонд биржасида Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасининг илк IPO’си муваффақиятли амалга оширилди. Молия соҳасида “Standard Chartered” банки, нефть-газ тармоғида эса “British Petroleum” компанияси фаол иш олиб бормоқда.
Учта қўшма олий таълим муассасаси ташкил этилган, Кембриж университети билан ҳамкорликда Президент мактаблари ишга туширилган. Британиялик сайёҳлар сони ҳам ортиб бормоқда.
Инфратузилмани ривожлантириш, энергетика, молия, геология, транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда янги лойиҳаларни илгари суриш, буни, жумладан, Британия экспортни молиялаштириш агентлиги (UKEF) иштирокида амалга ошириш муҳимлиги таъкидланган.
Буюк Британия томони Тошкент шаҳрида “инглиз ҳуқуқи” тамойиллари асосида ишлайдиган Халқаро молия маркази фаолиятини йўлга қўйишда кўмаклашишга тайёр эканини билдирган.
Учрашув якунида кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилиш юзасидан келишувга эришилган.
Live
All