Инвесторларга шунчаки ваъда эмас, реал суд кафолати керак – Давронбек Ахматов

Business

image

“Агар мустақил ва холис суд, зарур ҳуқуқий ҳимоя бўлмаса, берилган ваъдалар шунчаки қоғозда қолиб кетаверади. Хулоса қилганда, барча ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ва иқтисодиётни янада ривожлантириш учун бизга аввало мустақил суд ва процессуал ҳуқуқлари тенг адвокатлар керак”. Бу фикрлар 20 йиллик адвокатлик тажрибасига эга, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Давронбек Ахматовга тегишли.

Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан анъанавий очиқ мулоқоти олдидан QALAMPIR.UZ навбатдаги эксклюзив суҳбатни тақдим этади. Давлат раҳбарининг август ойида ўтказиладиган олтинчи очиқ мулоқоти арафасида ташкил этилган ушбу интервьюда Адвокатлар ва юридик консультантлар уюшмаси раиси Давронбек Ахматов ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди. У билан мамлакатда инвестиция ва бизнес муҳитини яхшилаш, мулк дахлсизлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимидаги рақамлашув ҳамда юридик хизматлар бозоридаги глобал трендлар ҳақида суҳбатлашдик.

Мустақил суд тизими ва процессуал ҳуқуқлари тенг адвокатлар ислоҳотларнинг кафолати

Бизнес учун энг биринчи навбатда нима керак? Албатта, мулк ва бизнес эгасининг хавфсизлигини таъминлайдиган ҳуқуқий кафолатлар! Чунки бундай кафолатлар мавжуд бўлган ва амалда тўлиқ ишлайдиган давлатгагина хорижий ва маҳаллий инвесторлар ишонч билан сармоя киритади.
Бундай кафолатлар амалдаги қонунчилигимизда бор. Лекин, мустақил ва холис суд, зарур ҳуқуқий ҳимоя бўлмаса, бу ваъдалар шунчаки қоғозда қолиб кетаверади. Берилган кафолатларнинг ўз вақтида ва лозим даражада реализация қилинишининг ҳуқуқий механизми барибир судга бориб тақалади. Судда эса прокурор ва давлат органлари билан бир хил, тенг ҳуқуқларга эга бўлган бизнес ҳимоячилари – адвокатлар ҳамда ҳуқуқшунослар туриши лозим.
Хулоса қилганда, барча ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ва иқтисодиётни янада ривожлантириш учун бизга аввало мустақил суд ва процессуал ҳуқуқлари тенг адвокатлар керак.

Бизнеснинг ҳақиқий ҳимоячиси сифатида адвокатларнинг ролини ошириш бўйича катта қадам қўйилди

Мен ўз тажрибамга таяниб айтишим мумкинки, сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимида, айниқса юридик бизнесда жуда катта ўзгаришлар бўлди, унинг жозибадорлиги жадал ўсди. Бу нафақат янги қонунлар ва қарорлар қабул қилинганида, балки давлат билан фуқаро, давлат билан бизнес ўртасидаги муносабатнинг умуман янги босқичга кўтарилаётганлигида кўринади. Шу ўзгаришларнинг энг муҳимларини айтиб ўтишни лозим деб биламан.

Аввало, ёш юристларнинг касб танлаши, унга бўлган талаби ва қараши тубдан ўзгарди. Илгари энг иқтидорли ҳуқуқшунос битирувчилар кўпроқ прокуратура ёки суд тизимида ишлашни, хусусан судья ёки прокурор бўлишни афзал кўрарди. Чунки барқарор маош, ижтимоий кафолат ва мартаба нуфузи муҳим эди. Бугун эса аҳвол бошқача, олий юридик таълим битирувчиларининг аксарияти юридик бизнесни танламоқда. Бунинг натижаси сифатида 2023 йилдан бошлаб адвокатлик фаолиятини бошлаш учун талаб қилинадиган икки йиллик стаж бекор қилинди, ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича битирувчи курс талабаларига адвокат ёрдамчиси бўлиб ишлаш ҳуқуқи берилди, e-advokat.uz платформаси орқали эса касбга кириш анча осонлашди. Шу билан бирга, халқаро ва йирик маҳаллий юридик фирмаларда ишлайдиган ёш ҳуқуқшуносларнинг маоши давлат тизимидагиларга нисбатан анча юқори бўлиб бормоқда. Мана шу иккита сабаб, яъни касбга киришнинг осонлашуви ва юқорироқ даромад энг истеъдодли ёшларни аста-секин хусусий юридик бизнес томон буриб қўйди.

Миллий юридик бозоримизда янги, ёш адвокатлик фирмаларининг кўпайиши билан бирга, юридик хизматлар бозорида рақобат ҳам кучайди. Буни аниқ кўрсатадиган нарса – Chambers and Partners, Legal 500, IFLR1000 каби нуфузли халқаро рейтинг агентликлари баҳолаётган Ўзбекистон юридик фирмалари сонининг жадал ортиши ва рейтингда юқори даражаларни олаётганлиги, хусусан Tier, Band 1, 2, 3 даражаларда юқорилаб бораётганлигидир. Бугунги кунда Dentons, PraeLegal Uzbekistan, GRATA International, Azizov & Partners, Kosta Legal ва бошқа шу каби фирмалар мунтазам равишда бу рейтингларда ўрин олмоқда, айримлари эса Legal 500 Hall of Fame мақомига эга бўлган мутахассисларни ҳам ўз сафига қўшган. Бу фақат мақтаниш учун эмас, хорижий инвестор Ўзбекистонда ўзига малакали, халқаро даражадаги юридик шерик топа олиши мумкинлигини кўрсатади, бу эса мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигига тўғридан-тўғри таъсир қилади.

Шунингдек, адвокатнинг тадбиркорлик ва иқтисодий соҳадаги роли ҳам кенгайди. 2024 йил 21 февралдаги ЎРҚ-911-сон қонунга кўра, фуқаролик ва иқтисодий суд ишлари бўйича лицензияга эга адвокатлар энди суд бошқарувчиси сифатида ҳам ишлаши мумкин. Бу уларга банкротлик жараёнининг турли босқичларида – кузатув, санация, ташқи бошқарувда расман иштирок этиш имконини берди ва адвокатура билан тадбиркорлик манфаатлари орасидаги алоқани янада мустаҳкамлади.

Бизнесга танлаш ҳуқуқи берилди: Низоларни фақат давлат судида эмас, мустақил арбитраж ва ҳакамлик судларида ҳам ҳал қилиш мумкин

Рақобат кучайиши билан бирга, низоларни судгача ёки суддан ташқарида ҳал қилиш йўллари ҳам ривожланди. Давлат судлари билан бир қаторда халқаро тижорат арбитраж судлари ташкил этилиб, бизнесга танлаш имконияти берилди. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузурида ташкил этилган Халқаро тижорат арбитраж суди (ХТАС) ва шу палата ҳузуридаги Ҳакамлик суди йиллар давомида иқтисодий низоларни махфий, тезкор ва тежамли тарзда ҳал қилиб келмоқда. Хорижий инвесторлар билан боғлиқ низоларни халқаро стандартлар асосида, хорижий арбитрлар иштирокида кўриб чиқиш имконини кенгайтириш учун эса Савдо-саноат палатаси ҳузурида Тошкент халқаро арбитраж маркази (TIAC) ташкил этилди. Президент қарори билан ташкил этилаётган Тошкент халқаро молия Марказида алоҳида Инглиз ҳуқуқи амалда бўладиган юрисдикциянинг ва Халқаро тижорат арбитраж судининг ташкил этилиши ислоҳотларнинг бевосита натижаси ҳисобланади.

Худди шундай, 2018 йилдаги “Медиация тўғрисида”ги қонундан кейин Профессионал медиаторлар реестри йўлга қўйилди. унга киритилиш бепул ва содда, реестр эса ҳудудий адлия бошқармалари ҳамда Адлия вазирлигининг веб-сайтида очиқ жойлаштирилган. Демак, энди тадбиркор ёки фуқаро низони фақат суд орқали эмас, арбитраж ёки медиация орқали ҳам ҳал қилиши мумкин, бу эса судларнинг юкини камайтириб, низони тезроқ якунлашга ёрдам беради.
Низони ҳал қилиш йўлларининг кўпайиши билан бир қаторда, юридик ёрдам кўрсатувчи тузилмалар ҳам кўпайди. Адвокатлик бюролари, фирмалари ва адвокатлар ҳайъатларини рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилди, юридик маслаҳатхоналарни эса энди ҳудудий адлия органлари ҳисобга олади.Натижада пойтахтдан ташқарида ҳам одамлар малакали юридик ёрдамга кириш имконига эга бўлмоқда.

Тузилмалар кўпайиши билан бирга, адвокатнинг суд жараёнидаги ролини кучайтирувчи қонуний ўзгариш ҳам киритилмоқда – бу, эҳтимол, жиноий ишларда томонлар тенглигини таъминлашга қаратилган энг катта янгиликдир. 2026 йил июль ойида Қонунчилик палатасида қабул қилинган қонун лойиҳасига кўра, жиноят иши энди фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг ёзма фикри билан бирга судга тақдим этилади. Адвокатга тергов тугагандан кейин беш кун ичида ўз “ҳимоя фикри”ни тайёрлаш ва тақдим этиш ҳуқуқи берилади. Бошқача айтганда, энди судья фақат прокурорнинг хулосасини эмас, адвокатнинг ҳам расмий ёзма фикрини ўқиб, кейин қарор чиқаради.

Адвокатнинг ролини кучайтириш билан бирга, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида шаффофлик муҳити яратилди. 2023 йилдаги алоҳида қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 21 ноябрдаги “Юридик ёрдам” ахборот тизими (e-advokat.uz) орқали инсон омилисиз, тасодифий тарзда танланади. Илгари бу кўпроқ маъмурий тайинлашга ўхшаган бўлса, энди адвокатлар ўртасида очиқ ва ҳамма кўриб тура оладиган ягона тизим бор. 2024 йилдан бошлаб бу тизим фақат жиноий ишлар билан чекланмай, фуқаролик ва маъмурий ишларни ҳам қамраб олди.

Судларнинг рақамлашуви – коррупция ва инсон омилини чеклашдаги энг катта ислоҳотдир

Юридик ёрдамнинг рақамлашуви суд тизимининг ўзида ҳам рўй бермоқда. Ҳозирда мавжуд бўлган “E-SUD” электрон судлов тизими фуқаролик ва иқтисодий судларда электрон ҳужжат айланиши ва суд статистикасини юритишни таъминлайди.

2025 йил 21 август куни имзоланган ПФ-140-сон фармон судларда сунъий интеллект технологияларини жорий этишни белгилаб берди, ПФ-141-сон фармон эса Судьялар олий мактаби ўрнида Одил судлов академиясини ташкил этди. бу янги авлод судьяларни тайёрлаш тизимини тубдан ўзгартиришга қаратилган. Расмий маълумотлар билан танишиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди (sud.uz), Судьялар олий кенгаши (sudyalaroliykengashi.uz), Бош прокуратура ва Адвокатлар палатасининг веб-сайтлари, шунингдек e-advokat.uz очиқ манба сифатида хизмат қилади. Судларнинг рақамлашуви билан бирга, судлов сифатининг ўзи ҳам ўзгараётганини кўрсатувчи рақамлар бор. Масалан, расмий эълон қилинган маълумотга кўра, 2025 йилда жиноят судлари томонидан 422 та оқлов ҳукми чиқарилган.

Президент билан ҳар бир учрашув – бизнес учун ривожланишнинг янги даврини бошлайди

Президент билан ҳар бир учрашувдан кейин, бир неча кун ичида кўтарилган масалалар бўйича Президент Фармони қабул қилинади, барча масалаларга ҳуқуқий ечим берилади ва ислоҳотларнинг янги босқичи бошлаб берилади.

Мен адвокат сифатида бир неча йил давомида турли учрашувларда тадбиркорлар мулкини ноқонуний хатарлардан ҳимоя қилиш, гаровга қўйилган мол-мулкни адолатли сотиш тартиби, солиқ жиноятлари бўйича жавобгарлик чегараларини аниқлаштириш, ижара билан боғлиқ қонунчиликни қайта кўриб чиқиш ва суд-ҳуқуқ соҳаси каби масалаларни кўтарганман. Хурсандчилик билан айтишим мумкинки, бу таклифларнинг катта қисми кейинги фармонларга киритилди ва бевосита тадбиркорларга енгиллик яратди.

Юридик бизнесда яқин йиллардаги тренд ва чақириқлар

Ўз соҳамга келсак, кейинги 3–5 йилда энг катта ўзгаришлар Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни билан боғлиқ бўлади, деб ўйлайман. Бу халқаро савдо ва инвестиция низоларига ихтисослашган адвокатларга, трансчегаравий шартномалар ва халқаро арбитражга талабнинг кескин ошишига олиб келади. Шу билан бирга, суд тизимида сунъий интеллект технологияларининг жорий этилиши, электрон судлов тизимининг кенгайиши адвокатлик амалиётини ҳам ўзгартиради – келажакда рақамли кўникмаларга эга бўлмаган юрист рақобатда орқада қолиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, юридик хизматлар бозори жуда жадал суръатларда ўзгариб бормоқда. Ҳозирда топ-классик юридик фирмалар олдида жиддий трансформация масалалари турибди. Натижада ўз-ўзидан юридик бизнесда ўйин қоидалари ўзгаряпти: янги юзлар, юлдузлар ва ўйин қоидаларини ўзгартирадиган, классик фирмаларга рақобатчи бўлган ёш ва прогрессив фирмалар ўйинга кирмоқда. Бу масала мамлакатимизда юридик бизнеснинг жозибадорлиги охирги 7–8 йилда бир неча баробар ошганлиги, сунъий интеллектнинг ижтимоий ҳаётга, давлат бошқаруви ва бизнесга жадал кириб келгани билан баҳоланади.

Бугунги кунда бизнес учун инвестицион лойиҳа ва битимларга анъанавий юридик ҳамроҳлик қилиш, суд низоларини юритиш ёки шартномалар ва ҳужжатларни тайёрлаш, M&A, Banking & Finance, Energy, Infrastructure, Corporate каби соҳалардаги юридик ҳамроҳликнинг ўзигина етарли эмас. Сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт ва трансчегаравий бизнеснинг ривожланиши юридик амалиётнинг мутлақо янги йўналишларини шакллантирмоқда.

Энг истиқболли йўналишлардан бири – AI Law & AI Governance, яъни сунъий интеллектни жорий этиш жараёнларига ҳуқуқий жиҳатдан ҳамроҳлик қилишдир. Бу йўналиш жавобгарлик, маълумотлардан фойдаланиш, интеллектуал мулк ва компанияларнинг ички сиёсатларига оид масалаларни қамраб олади. Шунингдек, Data Protection ва Cybersecurity Law – маълумотларни ҳимоя қилиш ва киберхавфсизлик ҳуқуқи ҳам жадал ривожланмоқда. Маълумотларнинг сизиб чиқиши, киберҳужумлар ва булутли технологиялардан фойдаланиш бизнес учун нафақат техник, балки жиддий ҳуқуқий хавфларни ҳам юзага келтиради.

Яна бир муҳим йўналиш – Digital Assets & FinTech бўлиб, у рақамли активлар, тўлов технологиялари, блокчейн лойиҳалари ва смарт-шартномаларни ҳуқуқий тартибга солиш масалаларини ўз ичига олади. Digital Forensics, Corporate Investigations ва Asset Tracing – рақамли текширувлар, корпоратив суриштирувлар, яширин активларни аниқлаш ва электрон далилларни тўплаш хизматларига ҳам талаб ортиб бормоқда. Айниқса, бундай воситалар халқаро тижорат низолари, банкротлик ишлари, суд ва арбитраж қарорларини ижро этиш жараёнларида жуда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу билан бирга, Sanctions & Geopolitical Risk – санкциялар ва геосиёсий хавфлар билан боғлиқ ҳуқуқий хизматлар ҳам алоҳида амалиёт сифатида шаклланмоқда. У контрагентларни текшириш, санкция чекловлари, халқаро тўловлар, экспорт назорати ва трансчегаравий таъминот занжирлари билан боғлиқ хавфларни қамраб олади.

Шундай қилиб, юридик касб аста-секин анъанавий “ҳуқуқий муаммони ҳал қилиш” моделидан ҳуқуқий ва бизнес хавфларини комплекс бошқариш моделига ўтмоқда. Ўзбекистон юридик хизматлар бозори учун бу жуда катта имкониятларни очади. Яқин келажакда юридик фирмаларнинг рақобатдаги устунлиги нафақат қонунчиликни мукаммал билиш, балки ҳуқуқ, технологиялар, маълумотлар, текширувлар ва халқаро экспертизани бизнес учун ягона комплекс хизматга бирлаштира олиш қобилияти билан белгиланади.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends